Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Толиббой Эшманов - сайловчиларга энг яқин депутат

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати, Самарқанд шаҳар 16-давлат нотариал идораси катта нотариуси Толиббой Эшманов Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O‘zLiDeP) сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси томонидан ўтказилган “Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги энг фаол депутат” танловининг республика босқичида учинчи даражали диплом билан тақдирланди.

Т.Эшманов Иштихон туманидаги  20-Халқобод сайлов округидан вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган. Кенгашдаги Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар ҳавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси ўринбосари. O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг энг фаол депутатлардан бири. Сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиб, доимий комиссия ва депутатлик гуруҳи мажлисларида уларнинг таклиф ва ташаббусларини баён этади. Ана шу таклифлар асосида сессияларга масала киритишда фаол қатнашади. Биргина 2018 йилда 12 маротаба сайловчилар билан учрашувлар ўтказган. Ушбу учрашувларда тушган мурожаатлар асосида йил давомида мутасадди идораларга 45 та депутатлик сўрови юборган. Натижада 35 та масалага ижобий ечим топилган.

– Кейинги пайтда мамлакатимизда маҳаллий кенгашлар депутатлари сўровларига ижро ҳокимияти органларининг муносабати ўзгарди, – дейди Т.Эшманов. –  Яъни, сўровларимиз жавобсиз қолмаяпти. Эндиликда бу борадаги ишлар яна ҳам такомиллашиши шубҳасиз. Чунки, 2018 йил 28 декабрь куни Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада жонлантириш бўйича муҳим ташаббуслар билдирилди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг бориши юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда маҳаллий кенгашларнинг ўрни ва ролини ошириш лозимлиги таъкидланди. Бу албатта, биз депутатлардан яна ҳам фаоллик, сайловчилар билан яқин бўлишни тақозо этади.

Бахтигул ҚАРШИЕВА

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.