Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Томорқа – кимга заҳмат, кимга даромад манбаи

Туманда ердан самарали фойдаланиш мақсадида томорқа ер майдонларининг 1053 гектарига картошка, 1982 гектарига помидор, 1046 гектарига пиёз, 867 гектарига дуккакли экинлар, 171 гектарига сабзи, 1239 гектарига полиз ва 1001 гектарига кўкат ва бошқа экинлар экиш режалаштирилган. 

Ҳозиргача 3715 гектарга тўқсонбости усулида экинлар экилган, 3913 гектар ер экишга тайёрланган, 743 гектар майдонда мавжуд томорқачиларга тушунтириш ишлари ўтказилган. Ер майдонидан самарасиз фойдаланган 27 томорқачи аниқланиб, уларга нисбатан ер солиғини уч карра ошириш тўғрисида солиқ органи томонидан огоҳлантириш хатлари берилган. 
– 2018 йилда туманда 551 та ихчам иссиқхона ташкил этиш режалаштирилиб, ҳозиргача тижорат банкларининг 168 миллион сўм кредити ҳисобидан 38 сотих майдонда 64 та ихчам иссиқхона қурилди, – дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Тойир Қосимов. – Томорқа майдонлари, йўл ва ариқ четларига қарийб 71 минг туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ва сифатли томорқа хизмати кўрсатиш мақсадида ҳокимлик қошида томорқа штаби ҳамда "Паст Дарғом томорқа хизмати" ва "Гўзалкент томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда томорқа майдонларидан 152 миллиард 438 миллион сўмлик 126 минг 292 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилиши режалаштирилган. 
Мутахассис билан суҳбатдан сўнг жойлардаги аҳволни кўриш учун томорқачилар ҳузурига йўл олдик. Дастлабки манзилимиз "Гўзалкент томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамияти ҳудудидаги Пахтакор маҳалласи бўлди. 
– Маҳалламизда 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Баҳром Хўжаев. – Аҳоли тасарруфидаги 120 гектар томорқанинг 50 гектари экин майдони бўлиб, унинг 8 гектарига тўқсонбости усулида экинлар экилган. Маҳалламизда 30 та иссиқхона ва 15 мингдан ортиқ мевали дарахт бор. Тасарруфидаги томорқадан фойдаланмаган 20 хонадон огоҳлантирилди, уларнинг 4 тасига энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида жарима қўлланилди. 
Маҳалла раиси ҳамроҳлигида дуч келган биринчи хонадонга кирдик. Томорқада каттагина иссиқхона қурилган, 20 тупдан ортиқ гилос кўчатлари гуллай бошлабди. Хонадон соҳибаси Мунира Саломованинг айтишича, ўтган йили "Агробанк" Жума филиалининг 8,5 миллион сўм кредити ҳисобидан иссиқхона қурган ва 50 туп ёнғоқ кўчати харид қилган. Иссиқхонага ўтган йили экилган бодрингнинг даромадидан кредитдан деярли қутулган. Шу маҳаллада яшовчи Толиб Маллаев эса томорқасида кўчатчилик билан шуғулланаркан. 

– Томорқамизда 12 сотих экин майдони бор, – дейди Т.Маллаев. – Ўтган йили "Агробанк"нинг Гўзалкент филиалидан 12 миллион сўм кредит олиб 115 туп пакана ёнғоқ кўчатлари олдим ва иссиқхона қурдик. Сурхондарёдан 20 туп лимон олиб келиб, иссиқхонага экдим. Водийдан узумнинг энг харидоргир 10 хил навидан келтириб, кўпайтиряпман. Томорқада 50 турдан ортиқ мева бор. Ўтган мавсумда биргина узумнинг ўзидан 1 тоннадан ортиқ ҳосил олдим. Рўзғорга керакли барча озиқ-овқат маҳсулотлари ўзимиздан чиқади. Асаларичилик билан ҳам шуғулланамиз. Умуман, бир мавсумда томорқадан 15 миллион сўмдан ортиқ даромадга эришамиз. 
Маҳалла айланиб, томорқаси қаровсиз аҳволдаги хонадонга дуч келдик. Ўзини Суюнбой Рашидов деб таништирган йигит томорқага энди экин экмоқчилигини айтди. 12 сотих томорқанинг 7 сотихи экин экишга мўлжалланган. Аммо ҳануз бу хонадонга баҳор келмаганга ўхшайди. 10 туп мевали дарахтни айтмаса, томорқада ҳеч нарса йўқ. Яна бу каби катта йўл бўйидаги хонадонларга йўл ёқасидан 12-15 сотихгача қўшимча томорқа ери берилган. Ерга беписанд муносабатда бўлаётган бундай томорқачиларни инсофга чақиришни мутасаддиларга қолдириб, йўлда давом этдик. 

Кейинги манзилимиз туманнинг Беклар маҳалласи бўлди. Бу ерда 670 хонадонда 3500 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 119 гектар экин майдони бўлган маҳалланинг 10 гектарига тўқсонбости усулида экинлар экилган. Дастлаб шу маҳаллада яшовчи Ўрол Аҳмедовнинг хонадонида бўлдик. Томорқадаги 10 сотих экин майдонининг 1,5 сотихига картошка, помидор, қулупнай экилган бўлса, қолган майдонни беда экини банд қилган. "Ахир қорамол ва қўйларимизга ҳам озуқа керак-да", – дейди хонадон соҳиблари. Бунинг устига 1 сотихдан ортиқ майдон шунчаки супа қилиб қўйилган. Томорқадаги 15 туп мевали дарахтни айтмаса, ердан мутлақо самарасиз фойдаланилган. Бу хонадонга қўшни бўлган Элдор Эргашев ҳам томорқасидан яйлов ўрнида фойдаланяпти, холос. Бу хонадонда томорқага эътибор йўқлиги шундоққина кўриниб турибди. Чунки 15 сотих ернинг 10 сотих экин экиладиган қисми ҳанузгача ағдарилмаган, аксинча қаровсизликдан бегона ўт босган. Хонадон соҳиби Э.Эргашев эса "Энди ерни ағдартирмоқчи эдим", – дейди. Лекин қачон? Ахир баҳорнинг бир ойи ўтди. Томорқачи қачон ерни ағдаради-ю, қачон экин экади? Бу ердан чиқиб, қўшни Боймурод Худоёровнинг хонадонига кирдик. Маҳаллада савдо фаолияти билан шуғулланадиган Б.Худоёровники қўшниларидан ҳам ўтиб тушди. 15 сотих томорқанинг 7 сотих қисми экин экишга мўлжалланган, аммо томорқачи бу ернинг 3 сотихига беда, 4 сотихига арпа-буғдой эккан. 
Тасарруфидаги ерга экин экиб, даромад олса, ўзи учун фойдали эканлигини томорқачилар қачон англаб етади?

Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидек барча ҳам ерга эътиборсиз эмас экан. Маҳаллада яшовчи Матлуба Акамуродова 2,5 сотих томорқасида оиласи эҳтиёжи учун керакли маҳсулотларни етиштирмоқда. 
– Ўтган йили январь ойида "Алоқабанк"нинг вилоят филиалидан 5 миллион сўм кредит олиб, 1 сотихли иссиқхона қурдик, – дейди М.Акамуродова. – Февралда иссиқхонага картошка, қатор орасига эса бодринг экдик. Картошка ҳосилини йиғиштириб, ўзимиздан ортганини сотдик, қатор орасига экилган бодринг ҳам яхши ҳосил берди, унинг ўрнига помидор, кузда эса саримсоқпиёз ва редиска экдик. Редискани олиб, ўрнига сабзи экканмиз. Шундай қилиб, мўъжазгина иссиқхона даромадидан кредитни қутуляпмиз. 

Маҳалладаги Умбаровлар хонадонида бўлганимизда томорқачилик маданияти ва ерга бўлган муносабатига ҳавасимиз келди. 4 сотих ерда рўзғорга керакли озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш билан бирга, бозорга ҳам чиқараётган Норжон Норбўтаева айрим маҳалладошлари экин экиб улгурмасдан кўкатлар ва редиска ҳосилини йиғиштириб бўлибди. Томорқанинг 1 сотих қисмида беда, супаларга кўкатлар, қолганида эса саримсоқпиёз, исмалоқ, пиёз, қулупнай, картошкагача экилган. 


Биз кўрган томорқаларнинг бирортасида экинлар учун сув муаммоси йўқ, лекин энг яхши томорқачиларнинг ҳам 1 сотих майдондан олаётган йиллик даромади ўртача 1 миллион сўмни ташкил этмоқда. Биздагидай саховатли ва унумдор ерни топиш мушкул даврда 1 сотих ердан бир миллион сўм даромад билан чекланишимиз тўғри бўлмас. Шунинг учун омилкор деҳқонлар тажрибасини оммалаштирсак, бир йилда ердан уч, керак бўлса, тўрт маротаба ҳосил етиштириш йўлларини тарғиб қилсак, томорқачилик тармоғи ҳақиқий деҳқончилик мактабига айланади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).