Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тўқимачилик саноати: Мураккаб даврда ҳам фаолият тўхтамайди

Президентимиз раислигида 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари сўнгги икки ҳафтада карантин чоралари юмшатилиши натижасида вилоятимиздаги 60 фоиз корхона фаолияти тиклангани лекин бу аҳолини даромад билан таъминлаш учун етарли эмаслигини қайд этди.

Йиғилишда вилоятимиздаги тўқимачилик корхоналари 37 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга эканлиги, лекин ҳозирда уларнинг атиги 48 фоизидан фойдаланилаётганлиги таъкидланди. Шу боис, тўқимачилик саноати қувватларининг ишлаш даражасини ошириш, вилоятдаги 2 та пахта-тўқимачилик кластерида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Хўш, карантин даврида текстиль саноати иқтисодиётда етакчи бўла оладими?

Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин чоралари қўлланилгани боис вилоятимизда 4869 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган эди. Бундай пайтда вилоятимиздаги 110 мингдан ортиқ камбағал оила, ишламаётган корхоналарнинг ишчилари ва чет элдан қайтиб келган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Ҳозиргача инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тўхтаб қолган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқа йўналишларда қарийб 35 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ҳозирда эса фаолияти тўхтаб қолган 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ишни қайта бошлади ва 23 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Йирик текстиль корхоналари эса санитария қоидаларига амал қилган ҳолда ишлаб чиқаришни тўхтатмай барқарор фаолият юритмоқда. 

Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги “SAMARKAND EUROASIA ТEXTILE” корхонасида дастлаб эркаклар кўйлаги ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирда корхонада тайёрланаётган маҳсулотларнинг тури 20 дан ошиб, ишчилар сони 500 нафардан ортди.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган чойшаб, ёстиқ ва кўрпа жилдлари, дастурхон ҳамда бошқа маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда талаб ортиб бормоқда. Муҳими, корхона маҳсулотлари маҳаллий пахта толасидан тайёрланган экологик тоза матодан тикилмоқда. Корхонада юқори сифат ва халқаро талаблар асосида тайёрланаётган маҳсулотнинг 80 фоизи экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида корхона 700 минг долларлик маҳсулот экпортини амалга оширди.

- Бу йил корхонамизда уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш ҳам бошланди. - дейди корхона цех бошлиғи Фаррух Усмонов. - Ҳозирда маҳсулотларимизни Россия, Беларусь Чехия, Туркия, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига экспорт қиляпмиз. Жорий йилнинг учинчи чорагида янги лойиҳани амалга ошириб, яна 120 нафар хотин-қизни ишга жалб қилиш ниятидамиз. Йил якунигача корхонамизда матолик гул қоғоз ишлаб чиқариб, 2021 йилдан бу маҳсулотни ҳам экспорт қилишни режалаштиряпмиз. 

Корхонада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун Японияда ишлаб чиқарилган 100 та  тикув машинаси  келтириб ўрнатилди. Ўндан ортиқ тикиш амалиётини бажарадиган бундай замонавий дастгоҳларни кейинги ойдан ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Вилоятимиздаги йирик текстиль корхоналаридан яна бири - Булунғур туманидаги “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамиятидир. Корхона йилига 2 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имкониятига эга. Нарпай туманидаги 13 минг гектар майдонда пахта етиштираётган мазкур корхона тўла кластер тизимида ишламоқда. Бу ерда тайёрланган маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Туркия давлатларига сотилмоқда. Ҳозирги пандемия шароитида  корхонанинг 700 дан ортиқ ишчиси карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ишни давом эттирмоқда.

- Корхонамиз асосан маҳаллий пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш билан шуғулланади, - дейди “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаҳонгир Исматов. – Юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган дастурлар натижасида 2019 йилда бизга имтиёзли кредит ажратилиб, хориждан замонавий ускуналар келтирилди. Умумий қиймати 4 миллион доллар бўлган қўшимча қувват ишга туширилиши билан яна 350 кишининг бандлиги таъминланди ва корхонада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар 700 нафарга етди.

Вилоятимизда ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти аста-секин қайта тикланмоқда. Демакки, иқтисодиёт изига тушмоқда. Тез орада барча корхоналар аввалги қувватда ишлашига ва экспорт салоҳиятини янада оширишга эришилади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 

Лутфулло ШОМУРОДОВ.