Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Тошкент - Бухоро - Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган “Afrosiyob” тезюрар поезди энди Жиззахга ҳам тўхтайди

Ҳа, Самарқанддан Жиззахга борувчи йўловчилар энди “Afrosiyob” замонавий поезди орқали қисқа вақт ичида Жиззахга боришлари мумкин.
Чунки 2019 йил 2 февралдан бошлаб, Тошкент — Бухоро — Тошкент йўналишида йўловчиларнинг узоғини яқин қилаётган №762/761 “Afrosiyob” юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поездлари Жиззах вокзалида 2 дақиқа тўхташи йўлга қўйилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур замонавий поездлар ҳаракат жадвалига ўзгартириш киритишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар ҳамда инвесторларга кенг қулайликлар яратиш, қолаверса, йўловчиларга сифатли транспорт хизматларини кўрсатиш, бундан ташқари, кўп сонли йўловчиларнинг талаб ва истакларини амалга оширишдан иборатдир.

2019 йилнинг 2 февраль санасидан бошлаб, Тошкент — Бухоро йўналишида ҳаракатланадиган №762 “Afrosiyob” замонавий поезди Тошкент вокзалидан соат 07.28 да ҳаракатини бошлайди ва Жиззах вокзалига соат 08.54 да кириб боради. У ердан ҳаракатини соат 08.56 да давом эттиради. Самарқанд вокзалига соат 09.42 да кириб боради ҳамда 09.50 да яна йўлга тушади. Навоий вокзалига эса соат 10.40 да кириб боради ва 2 дақиқадан сўнг ҳаракатини давом эттириб, соат 11.19 да Бухоро вокзалига кириб боради.

Шунингдек, Бухоро — Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган №761 “Afrosiyob” замонавий поезди Бухоро вокзалидан соат 15.50 да йўлга тушади. Соат 16.27 да Навоий вокзалига кириб келади ва соат 16.29 да ҳаракатини давом эттиради. Самарқанд вокзалига соат 17.20 да кириб келади ҳамда соат 17.28 да яна йўлга тушади. Жиззах вокзалига эса соат 18.14 да кириб келади ва ушбу вокзалдан соат 18.16 да ҳаракатини бошлайдиган поезд соат 19.44 да Тошкент марказий вокзалида бўлади.

Манба: xs.uz