Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тошкент вилоятидаги ёнғинда эр-хотин ва уларнинг 2 ёшли фарзанди ҳалок бўлди

Кеча, 28 май куни соат 03 дан 41 дақиқа ўтганда Тошкент вилояти Бекобод тумани ЁХБ диспетчерлик хизматига Бобур фермерлар уюшмаси, Маърифат кўчаси 2-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Воқеа жойига зудликда 5 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Биринчи ёнғин ўчириш бўлинмалари соат 03 дан 53 дақиқа ўтганда кўрсатилган манзилга етиб борган вақтида (энг яқин ёнғин ўчириш қисмидан воқеа жойигача масофа 12 км.) уйнинг том қисмидан қуюқ тутун аралаш аланга чиқиб ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 04 дан 23 дақиқа ўтганда қуршаб олиниб, соат 04 дан 46 дақиқа ўтганда бартараф этилган. Ёнғиндан уйнинг 90 кв.метр майдони сақлаб қолинган ва қўшни хонадонларга аланганинг ўтиб кетиши олди олинган. Ёнғин оқибатида уйнинг 100 кв.метр майдонда томи, шифти ва ички жиҳозлари ёниб зарарланган.

Энг ачинарлиси, ёнғинни ўчириш вақтида уй эгаси 1986 йилда туғилган фуқаро Ф.А, унинг 1989 йилда туғилган рафиқаси М.А.нинг қисман куйган ва тутундан димиққан ҳолда жасадлари топилган. Уларнинг 2017 йилда туғилган ўғли З.М. қисман куйган ва тутундан димиққан ҳолда қутқарилиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Дастлабки суриштирув ишлари давомида хонадоннинг чиқиш йўлаги очиқ аланга билан қопланганлиги ва деразаларига темир панжаралар ўрнатилганлиги сабабли уй эгалари ёнғин ҳудудидан чиқа олмаганликлари маълум бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси берган хабарга кўра, ёнғиннинг тахминий сабаби электр тизимида юзага келган авария натижасида деб гумон қилинмоқда. Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ишлари туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.