Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тошкентда ота-она 5 ёшли қизини ўлдирди

4 ноябрь куни фуқаро А.В. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, 5 ёшли қизи Д.К.ни Бектемир туманида жойлашган “Compass” савдо мажмуасида йўқотиб қўйганлиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси хабар берди.

Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда ички ишлар бош бошқармаси томонидан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, қизчани топишга қаратилган тадбирларга зудлик билан киришилди.

Тезкор-тергов гуруҳи томонидан А.В. ва унинг шаръий никоҳдаги эри М.Ф.нинг кўрсатмалари шубҳа остига олиниб, қидирув тадбирларига қарамасдан, фарзанди бир кун мобайнида топилмаганлиги сабабли у қотиллик жинояти қурбони бўлганлиги тусмоли асосида дарҳол Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида аниқланишича, 2019 йил 25 октябрь кечаси соат 03:00 лар атрофида эр-хотин Сергели туманида ижарада яшаб келган хонадонда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, фарзандини урган, дўппослаб, қасддан ўлдирганлар.

Сўнгра содир этилган жиноятларини яшириш ва жазодан қутулиш мақсадида, мурдани йўқотиш пайига тушганлар. Уни йўл сумкасига жойлаштириб, шу куни тонгда Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги ижарага олинган дала ҳовлига олиб боришган. Мурда ўчоқда ёқилиб, сўнг ёнмай қолган қолдиқлари қопга солиниб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборилган.

Шундан кейин улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни чалғитиш ва асл ҳолатни яшириш мақсадида, фарзанди бедарак йўқолиб қолганлигини “саҳналаштирганлар”.

Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш давомида Д.К.нинг мурда суяклари топилиб, ашёвий далил тариқасида олинган.

Жиноят иши бўйича А.В. ва М.Ф.лар қасддан одам ўлдиришда гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.

Тергов ҳаракатлар давом эттирилмоқда. Натижасига кўра, қўшимча маълумот бериб борилади.