Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Трамп феномени. Жаҳон сиёсатида қандай ўзгаришлар кутиляпти?

Кейинчалик, 1975 йилда Финландия пойтахти – Хельсинки шаҳрида бўлиб ўтган халқаро тинчлик саммити ҳақида ўша пайтларда кенг русум бўлган сиёсий ўқишлар ва оммавий ахборот воситалари орқали билиб олдик. Ҳақиқатан ҳам, бу халқаро анжуман “совуқ уруш” изғиринларини бирмунча юмшатиб, Европа ва бутун жаҳон миқёсида тинчлик сақланиб туришига беқиёс ҳисса қўшди. Турли зиддиятлар, келишмовчиликлар оқибатида чинакам уруш ёқасига келиб қолган дунё бир зум тин олиб, Иккинчи жаҳон уруши натижасида юзага келган янги жаҳон воқелигини тан олишга мажбур бўлди. СССР, Европа, АҚШ ҳамда Канада давлатлари раҳбарлари амалдаги чегараларни ортиқ бузмасликка ва бундан буён тинч-тотув яшашга келишиб олиб, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ҳақидаги Хельсинки декларациясини имзолашди.  

Ўшандан буён кўп сувлар оқиб кетди, жаҳон сиёсий харитасида оламшумул ўзгаришлар рўй берди. СССР, Югославия, Чехословакия деган катта-кичик мамлакатлар йўқолиб, ўринларида бугун дунё тан олган ўнлаб янги мустақил давлатлар пайдо бўлди. Германия Демократик Республикаси эса демократик ҳарбий Германия Федератив Республикаси билан бирлашди. Бироқ ушбу жараёнлар давомида бир нечта янги, ҳали дунё тузукроқ танимайдиган давлатчалар ҳам ноқонуний равишда туғилиб қолди. Болқон ярим оролидаги Косоводан ташқари уларнинг деярли ҳаммаси собиқ совет иттифоқи ҳудудларида жойлашган. Дастлаб Озарбайжон Республикасида Қорабоғ, кейинчалик Молдавияда Днестрбўйи, Грузияда Абхазия ва Жанубий Осетия, Украинада Донецк ҳамда Луганск вилоятлари ўзларини мустақил дея эълон қилишди. Украинадаги Қрим автоном республикасининг бир томонлама референдум ўтказилиб, Россия Федерациясига қўшиб олиниши ана шу жараёнларнинг мантиқий якуни бўлди. Ўрни келганда шуни ҳам эслаб ўтиш керакки, ўшанда собиқ шўро республикаларининг деярли барчасида айирмачи кучлар бош кўтариб қолганди. Масалан, ўзимизда ҳам ташқи бузғунчиларнинг таъсирига тушиб қолган айрим кишилар Қорақалпоғистон автоном республикасини Ўзбекистондан ажратиб олиб, бирор бойроқ мамлакатга қўшилиши ҳақидаги ғояни ўртага ташлаб, қимирлаб қолишди. Ҳақиқатан ҳам, ўша йилларда Орол бўйида ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам экологик муаммолар ғоят тирбанд бўлиб қолганди. Битта сачраган учқун катта фалокатни келтириб чиқариши мумкин эди. Ана шундай қалтис вазиятда марҳум Юртбошимиз Ислом Каримов Нукусга бориб халқ билан учрашиб, уларни безовта қилиб турган муаммолар ҳақида гаплашди. Муаммоларни ҳал қилиш чоралари билан ўртоқлашди ва мулоқот охиридаги “Ўзбек қорақалпоқни бошида кўтариб юради”, деган якуний сўзи гулдурос қарсаклар билан олқишланди. 

Мана, вақт ўтди, мушкулликлар қадам-бақадам бартараф этилди. Бугун Қорақалпоғистон иқтисодий жиҳатдан бақувват ҳудудга айланмоқда. Биз юқорида тилга олган “мустақил давлатчалар”да эса халқ фаровонлиги у ёқда турсин, кундалик эҳтиёж маҳсулотлари, ҳатто, тинчликнинг ўзи анқонинг уруғи бўлиб ётибди. Зеро, халқлар орасидаги дўстлик ва иноқликнинг бузилиши ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Бундай ҳолат кейинги вақтларда нафақат Европа, балки дунёнинг барча минтақаларида ҳам кузатилмоқда. Миллатчилик, ирқчилик ва айирмачилик балоси кундан-кунга кенг ёйилмоқда. Ҳатто, жаҳоннинг мана-ман деган илғор демократик мамлакатларида ҳам анча вақтлардан буён таомилдан чиқиб кетган шовинизм, миллий маҳдудлик, ирқий–диний–этник тоқатсизлик қайтадан уйғонмоқда. Либерал-демократик қадриятлар оёқости қилинмоқда. Афсуски, бундан АҚШ ва Россия сингари буюк давлатлар ҳам мустасно эмас.

Шу маънода, 16 июль куни АҚШ ва Россия президентларининг Хельсинки шаҳрида бўлиб ўтган учрашувини жаҳон афкор оммаси катта умид ва ҳаяжон билан кузатиб турди.


 

ТРАМП ФЕНОМЕНИ

Ушбу учрашув қандай якунланганидан қатъи назар, энг аввало, икки буюк давлат раҳбарларининг бошини бир жойга қовуштиргани билан ҳам диққатга сазовордир. АҚШ президенти Дональд Трамп яқиндагина Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан Сингапурда учрашиб, бирмунча бурун ҳеч ким хаёлига сиғдира олмаган воқеа содир бўлганди. Чиндан ҳам бунга ишониш қийин-у бироқ АҚШ раҳбарини кореялик диктатор билан қўл сиқишиб кўришгани чинакам ноёб сиёсий воқеликдир. Бир вақтлар ўтган асрнинг ўрталарида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Франклин Рузвельт ва Буюк Британия премьер министри Уинстон Черчилль дунёни фашизм балосидан халос этиш йўлида Сталин билан қўл беришиб ҳамкорлик қилишга, унга кўмаклашишга мажбур бўлган эдилар. Бугун ҳам дунё халқлари боши узра янги бало – вайронакор атом уруши кўланкаси хавф солиб турибди. АҚШ президенти учрашув чоғида буни қайта-қайта такрорлади. Унинг айтишича, ҳозир АҚШ ва Россияда дунёдаги мавжуд атом қуролларининг 90 фоизи тўпланиб қолган.  Ушбу даҳшатли ядро ракеталари арзимаган тасодифий бир сабаб билан ҳам ишга тушиб кетиш эҳтимоли кундан кунга ортиб бораётир. АҚШ президентини янги-янги давлатларнинг атом қуролига эга бўлиш иштиёқи кучайиб бораётгани чуқур безовта қилмоқда экан. Айниқса, Шимолий Корея ва Эроннинг бу борадаги интилишлари олдини олиш учун Трамп қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Бу борада у ҳар қандай муросали йўл тутиш тарафдори эканини яширмаяпти. Бунда унга бизнесменларга хос умумий тил топиш, керак бўлса, асосий мақсад йўлида ён бериш, рақиб томоннинг ҳам манфаатларини ҳурмат қилиш сингари кўникмалари ғоят қўл келмоқда. Умуман олганда, Трампнинг таржимаи ҳоли билан яқиндан танишган киши унинг ишбилармонлигига қойил қолмасдан иложи йўқ. Айтайлик, яхши бир лавозимга одам танлашга тўғри келиб қолди дейлик, аксарият кўпчилик бу борада эски синалган йўл тутади. Яъни, ўзига садоқатлироқ кишини ёки бўлмаса мўмайроқ пора берган номзодни танлайди. Трамп эса буни ўзига хос ғаройиб усул билан амалга оширади ва ҳам муносиб одам топади, ҳам яхшигина даромад олади. 

Хуллас, 2003 йилда “Эн–би–си” телевизион каналида Трамп “Номзод” кўрсатувини ташкил этиб, ўзи унга ижрочи продюсер бўлди. Кўрсатувнинг асосий ғояси шуки, ушбу реалити-шоу иштирокчилари ўз қобилиятларини намойиш этиб, Трамп раҳбарлик қилиб турган компания шохобчаларидан бирида мўмайгина иш ҳақи тўланадиган топ-менежерлик лавозимига ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун курашадилар. Синовлардан ўтолмаган иштирокчиларга “Сиз бўшсиз!” дея мурожаат қилинади ва улар ўйиндан чиқиб кетадилар. Кўп ўтмай “Номзод” реалити-шоуси ғоятда машҳур бўлиб кетди. Биринчи йилда ҳар бир кўрсатув учун Трампга 50 минг доллардан 700 минг долларгача гонорар беришди. Иккинчи йилдан бошлаб эса муаллиф ҳар битта шоуси учун 3 миллион доллардан ҳақ ола бошлади. Бу билан у телевидениедаги энг юқори даромад олувчи шоуменга айланди ва айни бир вақтда ўзига энг сара иш бошқарувчиларни танлаб олди. Хўш, қойилмисиз?! Ҳали бу ҳаммаси эмас. 2007 йилда Трамп “Номзод” кўрсатуви учун Ҳоливуддаги шуҳрат аллеясининг юлдузига сазовор бўлди. “Сиз бўшсиз!” деган жумла Америкада савдо маркасига айланиб, Трампга ҳануз янги-янги даромадлар келтиришда давом этмоқда.
Унинг қай йўсинда президентлик лавозимига эришганлиги эса алоҳида бир неча мақолага мавзу бўла олади.

 

СИЁСАТ ТАДБИРКОРЛИК ЭМАС

Қисқача айтадиган бўлсак, оддий тадбиркорликдан иш бошлаган Трамп учун аввал миллионерлик ва миллиардерлик мартабасига, кейинчалик эса президентлик лавозимига эришиш йўли осон кечган эмас. Ҳозиргача уни бу борадаги таъна ва маломатлар изма-из таъқиб этиб келмоқда. Масалан, АҚШда муқаддам бўлиб ўтган президентлик сайловларида Россиянинг аралашуви ҳақидаги иддаолар тинимсиз равишда Трампнинг асабини бузяпти. Бунда у икки ўт орасида қолгандек тасаввур пайдо бўлади. Агар Россия аралашувини тан олса, ўзининг президентликка қонуний йўл билан сайланганига шубҳа пайдо қилади. Мабодо буни рад этса, содир бўлган кўпгина воқеаларга кўз юмишга тўғри келади. Ҳақиқатан, Россия президенти Владимир Путин сайловда Трампнинг ғалабасини истаганлигини ва аралашув бўлганлигини яширмаяпти. АҚШ Федерал разведка бюросида эса кибер-хакерлар томонидан сайлов компьютерларига хуружлар бўлганлиги тўғрисида рад қилиб бўлмайдиган маълумотлар мавжуд. Аммо, хакерларнинг иши чиндан ҳам Россия маъмурлари томонидан ташкил этилганлигини исботлаш қийин бўлиб турибди. Путин эса бу иддаоларга нисбатан ўз фикрини қатъий қилиб айтди, яъни: “Россия АҚШдаги сайловларга аралашмаган ва бундан буён ҳам аралашмоқчи эмас. Хакерлар масаласига келсак, улар ватанпарварлик кайфиятидаги кишилар бўлиши мумкин. Бироқ бунга ҳукуматнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ”.,

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, президентлик сайловига нисбатан бузғунчилик содир этилган, аммо бу ҳаракатлар сайлов натижаларига нечоғлик таъсир кўрсатгани аниқланмаган.

Хельсинкидаги учрашув чоғида ўтказилган матбуот конференциясида Трамп ушбу мавзудаги саволга жавоб берар экан: “Президент Путин аралашмаганмиз деяпти, мен унга ишонаман”, -  деб гапни қисқа қилди. Аммо анжуманнинг эртаси куниёқ бу гап-сўзларнинг чувалашиб кетишига Путиннинг айби борлиги эҳтимолини тан олишга мажбур бўлди.  Шубҳасиз, Трамп  бу борада ўзининг бизнесменлик таомилидан келиб чиқяпти. Тадбиркорлар, ишбилармонлар доирасида ҳалоллик, лафз ва тўғрисўзлик каби хислатлар юксак қадрланади. Шу боис бўлса керак, Трамп сайлов олдидан берган ваъдаларининг устидан чиқиш учун изчил ҳаракат қилмоқда ва ҳақли равишда Америкадаги кўпчилик фуқароларнинг ишончига сазовор бўлмоқда. Ҳатто, келгуси сайловда ҳам унинг яна ғолиб чиқиши олдиндан нақд қилиб қўйилмоқда. Бироқ, бизнес билан сиёсат, бизнесмен билан махсус хизмат ходими орасида тенглик ишорасини қўйиб бўлмайди. Сиёсат, ўтган асрларда яшаб ўтган бир доҳийнинг таъбири билан айтганда – ифлос иш. Унда ҳалолликдан кўра кўпроқ ҳийлакорлик, айёрлик каби “санъат”ларни ишга солишга тўғри келади. Ушбу усулларни ўзлаштиролмаган ёки ишлатишдан тийилган сиёсатчиларнинг охир-оқибат мувафаққиятсизликка учраганлари ҳақида тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Нима бўлганда ҳам, биз Хельсинкида бўлиб ўтган учрашувни самимий олқишлаймиз. Чунки тинчлик йўлида қўйилган ҳар битта қадам қутлуғ, ҳар битта қадам мақтовга сазовор!
 

Худойберди  КОМИЛОВ.
“Зарафшон”нинг сиёсий шарҳловчиси.