Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

"Туғилган кунимга келинг..." Илтимос, шуҳратпараст, мансабпараст, савияси паст раҳбарлар ўқимасин

Азизларим, кўнглимдан кечаётган бу хаёллар ўзимники, ишонаверинг. Чунки онам шундай туққан, эҳтимол қонимда отамдан ёки бошқа яқин оғайниларимдан ҳам ўтган бўлиши мумкин. Тўғрисини, айтсам туғилган кун жиннисиман. Аниқроғи, ўзимнинг туғилган кунимнинг. Бу одатим кимгадир кулгилидир, бироқ мен учун у – фазилат, хобби.

Қаерда ишламай, доимо туғилган кунимни ишхонада, жамоа билан ўтказаман. Қўл остингда ишлайдиганлар зиёфатни ҳам ўзлари уюштиради, ёқимли мақтовлар айтишади, тағин совғалар ҳам беришади.

Яқинда кўролмайдиганлардан бири "На ўз соҳасидаги алломалар, на бирорта таниқли ижодкор туғилган кунини билмайди-ю, ўзининг туғилган кунини нишонлашга бало борми?!", деб пичинг қилибди. Гапиравермайдими, мен учун ўзимнинг туғилган кунимни ўтказиш завқу шавқ бағишлайди.

Ўтган йил туғилган кунимда ишхонамга бир қитмир мухбир келиб қолди. У десам, бу дейди, бу десам, у дейди. Қабулхонада одамлар тўпланиб қолган эмиш. Ҳа энди, туғилган кун тадбири уч соат давом этгач, тўпланади, кутади-да. Туғруқхона бўлсайкан, биров бола ташлаб қўйса!

Уни ўртага қўйдим, буни ўртага қўйдим, бир амаллаб, вазиятни юмшатдим. Ўзи, аслида, мен сизларга айтсам, агар бетни қалин қилиб турсангиз, унча-бунча раҳбар сиз билан тортишиб, пачакилашиб ўтирмасакан. Мен шу йўлни танлаганман. Худога шукур, ёмон бўлмадим, сал гап қайтарганини бир амаллаб жавобини бераман.

Яқинда денг, янги ишхонамда туғилган кунимни нишонладим. Бу ерда ҳам ушбу тадбирнинг иштиёқмандлари бор экан, "Опа, хавотир олманг, чиройли қилиб ўтказамиз", дейишди. Ва ўтказишди ҳам. Бу гал ишхона мажлислар залини роса безатишди, шарлар, "Туғилган кун муборак!", деган ёзувлар. Хуллас, Ибн Синонинг туғилган кунидай тайёргарлик кўришибди.

Ҳатто бир ходимим невараларини олиб келиб, мен ҳақимда шеърлар ўқитди. Тадбир роса тўрт соат давом этди, ҳамма хурсанд бўлди. "Бу нима гап, эрталаб соат тўққиздан иккигача ҳам йиғилиш бўладими?", деганларни кўпчилик бўлиб алдадик, комиссия келган, дедик.

Бошқалар билан нима ишим бор, мен роса хурсанд бўлдим. Айтгандай, бу гапим айримларга ёқмаслиги тайин. Лекин мен ёлғиз эмасман, туғилган кунини нишонлашни яхши кўрадиган танишларим анча. Мисол учун, бир коллеж директори – дугонам бор, ҳар йили туғилган кунида ўқитувчи тугул ўқувчиларидан ҳам пул йиғади. Лекин менга ўхшаб давра қилмайди. Пулларни йиғиб, уйга кетворади. Эҳтимол, ўтирадиган бошқа одами бордир, ким билади дейсиз.

Дарвоқе, эртаси куни хонамга ўринбосарим кириб келди. "Опа, бугун менинг туғилган куним, кеча сизникига ҳавасим келди", деди. Нима қипти, зал безатилган, дарров унинг туғилган кунини ҳам нишонлаб қўя қолдик. Бу гал мижозларни баҳона қилиб сал қисқа вақтда ўтказдик.

Биламан, ҳозир қитмирлар кўпайган. Учинчи куни эрталаб "петиминутка" ўтказай, десам зал ҳамон ўша ҳолича турибди. Ўша мажлисни суратга олишибди. Олса, олавермайдими, менга бу ҳолат таъсир қилмайди. Қолаверса, ҳеч ким юқоридан туғилган кунни ишхонада қилманглар, деб огоҳлантирмаган.

Так что, келаси йил Сиз ҳам келинг, бирга нишонлаймиз, совға эсдан чиқмасин-а?

Ф.ТОШЕВ ёзиб олди.