Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туманларда “Ҳумо” терминаллари нега кам?

- У ёққа борсанг ҳам “Ҳумо”га савдо йўқ дейди, бу ёққа борсанг ҳам шу гап. Нима кераги бор агар бу пластикнинг. Банкка бор эмиш. Банкоматда пул қилиб, кейин савдо қилар эмишман. Агар менга 25 минг сўм керак бўлса, шунинг учун ҳам банкка боришим керакми? Шунчалик ҳам қийинми бу матоҳни савдо дўконларига ўрнатиб қўйиш.

Бу акахонимиз бекорга тутоқиб гапираётгани йўқ. Тан олишимиз керак, Пайариқ туманида “Хумо” пластик карталари билан савдо қиладиган дўконлар жуда кам. Юқорида айтилганидек, агар савдо дўконларига бориб мурожаат қиладиган бўлсангиз, “Бизда фақат Узкард” ишлайди, хоҳласангиз шу, бўлмаса ўзингиз биласиз” дейдиганлар кўпайиб кетди.

Яқинда вилоят ҳокими шу масалани ўртага ташлади. Самарқанд вилояти пластик карталар билан савдо қилишда орқада қолаётганини танқид қилди. Аҳоли савдо дўконларига бормай, банкоматлардан нақд пул қилаётганлигини айтди. Бунда тадбиркорларнинг, мутасадди ташкилотларнинг айби борлигини яшириб ўтирмади.

Буёғига нима дейсиз? Билсангиз, айтинг. Ҳар ойнинг бешинчисидан кейин банклардаги банкоматларга одам тўлиб кетади. Пандемия, карантин деган нарсалар бегона. Муҳими, пластик картасидаги пулни нақд қилиб олиш.

Бунга ким жавоб беради? Шундай қилмаса ҳам бўлмайди-да. Ошхонага кирса пластикка савдо йўқ, қишлоғидаги дўконга кириб мурожаат қилса, “терминал ўзи нима, дейди”. Энди айтинг, аҳоли пластикни пул қилмай, нима қилсин?

Остонада янги йил. Бу байрам ҳар йили орзиқиб кутилади. Терминалларни кўпайтириш керак. Шунда аҳоли қайси дўкон пластикка савдо қилар экан, деб излаб юрмайди.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.