Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туризм ҳақидаги қонун такомиллаштирилади

Тадбирда мамлакатимизнинг халқаро туристик бозордаги интеграциясини мустаҳкамлаш, тарихий-маданий мерос билан жаҳон ҳамжамиятини таништириш ҳамда туристларга хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон стандартлари даражасида ташкил этишга қаратилган ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётида туризмнинг ўрнини ошириш, мавжуд маданий мерос объектлари ва тарихий ёдгорликларни таъмирлаш, уларнинг муҳофаза ҳудудларини белгилаш каби вазифаларга тўхталиб ўтилди.

– 2018 йилнинг 8 ойи давомида юртимизга келган хорижлик сайёҳларнинг сони 3,4 миллион нафардан ошди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғаффор Қирғизбоев. – Бу кўрсаткич 2017 йилги ҳолатдан қарийб уч баробар зиёд. Йилдан-йилга юртимизга келаётган сайёҳлар сони ошаётган экан, энди «Туризм тўғрисида»ги қонунни такомиллаштириш шарт. Чунончи, туризм соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, туристик хизматлар бозорини ривожлантириш ҳамда туристлар ва туристик фаолият субъектларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимоя қилиш бугуннинг талаби бўлмоқда.

Тадбирда, шунингдек, туризм соҳасидаги тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган маҳаллий ва хорижий инвесторларга имтиёз берувчи ижтимоий туризм, ёшлар ва болалар туризмини оммалаштиришга оид нормалар билан тўлдириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.