Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"turkish airlines" Самарқандга қатновни йўлга қўйди

Бортида "Turkish Airlines" авиакомпанияси масъул ходимлари, туркиялик ва ўзбекистонлик йўловчилар бўлган замонавий ҳаво лайнери Самарқанд халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, "Turkish Airlines" авиакомпанияси директори, бошқарув раиси ўринбосари Билал Экши, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ахмед Башар Шен ва бошқалар давлатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил Туркияга амалга оширган давлат ташрифидан сўнг 2017 йилнинг 30 октябридан "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг "Самарқанд – Истанбул – Самарқанд" йўналиши бўйича мунтазам қатнови йўлга қўйилди. Айни пайтда мазкур йўналиш бўйича ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари қатнов амалга ошириляпти.
Эндиликда "Turkish Airlines" авиакомпанияси ҳам ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари Истанбулдан Самарқандга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди. 
– Ушбу авиақатнов кейинги пайтда мамлакатларимиз ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, айниқса, туризмни ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – дейди Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ахмед Башар Шен. – Чунки Туркияда Ўзбекистонни, унинг тарихий обидалари ва буюк алломалари номи билан боғлиқ зиёратгоҳларни кўриш истагида бўлган юртдошларимиз жуда кўп. Биз бу муқаддас заминни жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларни камолга етказган юрт, йирик илм-фан, маданият маркази деб биламиз. Самарқанд эса бу юртнинг энг қадимий, ҳар қарич ери муборак масканидир. 
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Восеев иштирок этди.

F.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (фото).