Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туркиядаги ва у ерга боришни режалаштираётган ватандошлар янги карантин чораларидан огоҳлантирилди

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасидан маълум қилишича, 2020 йил 1 декабрь куни соат 21:00 дан пандемия билан боғлиқ қуйидаги янги чекловлар кучга киради:

- иш кунлари соат 21:00 дан 5:00 га қадар комендантлик соати белгиланди;

- дам олиш кунлари - жума куни кечқурун соат 21:00 дан душанба куни эрталаб соат 5:00 га қадар кўчага чиқиш мумкин эмас;

- жаноза ва тўй маросимларида қатнашчилар сони 30 кишидан ошмаслиги керак;

- барча давлат муассасалари иш кунлари соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган вақтда фаолият кўрсатади;

- 65 ёшдан ошган ва 20 ёшдан кичик фуқаролар жамоат транспортидан фойдалана олмайдилар;

- меҳмонларни қабул қилиш, мавлудлар, кечалар ўтказиш, байрамларни, жумладан, янги йилни нишонлаш тақиқланди;

- кинотеатрлар йил охиригача ёпиқ бўлади. Шунингдек, сауна, ҳаммом ва лунапарклар ҳам ёпилади;

- ўйин ва спорт майдончаларидан фойдаланиш тақиқланади. Мамлакатдаги барча спорт тадбирларини ҳозирги вақтдагидек томошабинларсиз ўтказишда давом этилади;

- савдо марказларига фақат махсус код (HES) билангина кириш мумкин бўлади. Махсус код Туркия соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон иловаси орқали олинади;

- барча болалар боғчалари, тайёрлов синфлари ва бошқа болалар таълим муассасалари фаолияти тўхтатилади. Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун масофавий ўқитиш 2020 йил охиригача узайтирилмоқда;

- шифохоналар, ўт ўчириш хизматлари, полиция ва дорихоналар ҳар куни ҳеч қандай чекловларсиз ишлайди;

- комендантлик соати вақтида фақат уйга етказиб бериш хизмати билан шуғулланувчи дўконлар, кафе ва ресторанлар ҳам ишлашни давом эттиради;

- агар бирор кишида самолёт ёки поезд чиптаси бўлса, у аэропорт ёки темир йўл станциясигача етиб олиш учун шахсий ёки жамоат транспортидан фойдаланиши мумкин;

- жамоат транспортидан фойдаланиш, савдо маркази, касалхона, давлат идораларига кириш учун HES коди талаб қилинади. Бу Туркия фуқароларига ҳам, мазкур мамлакатда яшаш ҳуқуқига (ikamet) эга бўлганларга ҳам тегишли;

- мунтазам равишда юз ниқобини тақиб юриш тартиби, ижтимоий масофани сақлаш ва вирусга қарши гигиеник қоидаларга амал қилиш, шунингдек, кўчада сигарет чекишга қўйилган тақиқ ўз кучида қолмоқда.