Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Турмуш ўртоғига пичоқ урган келинчакка оқлов ҳукми чиқарилди

Дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айбловга кўра, З.Р. 2018 йил 10 февраль куни соат 2200 ларда, ота-онасининг хонадонида, яъни Сергели тумани ... уйда, турмуш ўртоғи Р.А. ва отаси Т.Б. ўртасида келиб чиққан жанжал вақтида Р.А.га қасддан тан жароҳати етказиш мақсадида ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғининг қорин қисмига уриб оғир тан жароҳати етказганликда айбланган.

Эр-хотин уруши, дока рўмол қуриши, дейди халқимиз. Оила бўлгандан кейин катта-кичик жанжаллар бўлиб туриши табиий. Замира турмуш ўртоғи Арслон (исм-шарифлар ўзгартирилган) билан бор йўғи 7 ой бирга яшади.

Бу оилада ҳам баъзан тушунмовчиликлар бўлиб турарди.

Ўша куни Арслон кечқурун уйига маст ҳолда кириб келди.

– Қатларда юрибсиз, нега кеч келдингиз? – сўради келинчак.

Бу сўроқ куёвтўрага ёқмади.Оқибатда жанжал чиқди.

Арслон хотинини урди, бўйнига қайчи тираб уни ўлдириш билан қўрқитди.

Келинчак эрига қаршилик кўрсатди, қайчини оламан деганида бармоғи ва кафти кесилиб кетди. Қон оқа бошлади.

Арслон жаҳл билан қўлини мушт қилган ҳолда деворга урди.

– Ваа-а-аҳ, – деб бақирди.

Замира уйига кетаманга тушди, “яшамайман, сендақа зўравон билан!” Бу тортишувни эшитган Арслоннинг отаси Алишер ака муроса қилиб кўрди, бўлмагач келинини тунда уйига олиб бориб қўйди...

Эртаси куни эрталаб Арслон Замиранинг онасига қўнғироқ қилди.

– Узр, кечаги ишим учун ойи, Замирага айтинг, уни бугун уйга олиб кетаман, – деб тайинлади.

Келишилганидек, Арслон кечқурун Замирани уйига борди.

У ширакайф эди.

Куёв қайнотаси Мўмин аканинг уйида овқатланди. Кўчага чиқиб салқин ичимликлар олиб келди.

Замира тўйларида уйларини безатиб берган таниши Нодир билан телефонда гаплашиб, уни кутиб олиш кераклигини отасига айтди.

Шу пайт Арслон уни рашк қилиб,

– Нега Нодир билан гаплашяпсан? – деб тўнғиллади.

Ўзича кўчага чиқиб кета бошлади.

– Нима бўлаяпти ўзи?– сўради қайнотаси.

Шунда куёви:

– Эркакмисиз, нима учун хотиним бегона йигит билан гаплашади?,– деб бақирди.

Арслон жаҳл билан Замиранинг юзига урди.

Мўмин ака куёвни қўлидан тортди.

– Нега қизимни ураяпсан?

Маст куёв қайнотасини ҳам аяб ўтирмади.Унга ҳам қўл кўтарди.

Куёв жанжалнинг олдини олиш учун қаршилик кўрсатган қайнсинглиси Лолани итариб юборди, у ерга йиқилиб боши сандиққа тегди.

– Синглимга нега қўл кўтарасиз? – жон ҳолатда бақирди Замира.

Арслон жаҳл отига минди. Тилидан ёмон сўзлар учди:

– Уч талоқ қўйдим, – деб юборди. Ва хотинини юзига яна тарсаки урди.

Бу жанжалга ошхонада куймаланаётган қайнонаси Робия опа ҳам қўшилди.

– Куёв ўзингизни босинг! – дея уни тинчлантириш учун болалар хонасига олиб кирди.

Тўполончи куёв шунда ҳам тинчланмади.

Арслон хонада турган шкафнинг ойнасини қўли билан уриб синдирди, натижада қўли кесилиб қонаб кетди.

Она барибир онада. Робия опа куёвини ошхонага олиб борди.Уни тинчлантиришга, қонни тўхтатишга ҳаракат қилди.

Бу вақтда келинчак қайнотаси Алишер акага қўнғироқ қилиб, ўғли уларни уйига келиб жанжал қилаётганини айтди.

Қайнота ҳам келишган экан, “мен аралашмайман”, деб қутилди. (Арслоннинг онаси бу пайт Туркияда эди)

Шу он Замира ошхонада онасининг қаттиқ чинқириғини эшитиб, югуриб кирди.

Эринг қорнига пичоқ тиқиб олди...

Келинчак турган жойида бир он карахт турди. Нима қилишни билмади. Тез ёрдамга қўнғироқ қилди, аммо туша олмади. Отасини ёрдамга чақирди.

Бу пайт уйга безакчи Нодир келиб қолди.

Мўмин ака ва Робия опа, Замира, Нодир биргаликда қўшнининг машинасида куёв болани касалхонага олиб боришди.

Йўлда куёвтўра келинчакка “буни ҳеч ким билмасин, агар онам билса бизларни ажраштириб юборади. Зилола, мен сени севаман ва сенсиз яшай олмайман”, деб қайта-қайта такрорлади.

Шифохонада врачлар Арслонни тиббий кўрикдан ўтказмоқчи бўлганларида, қаршилик қилди, яхши муомалада бўлмади. “Мен яхшиман”, дея кўчага чиқиб кета бошлади.

Врачлар беморни зудлик билан операция қилишмаса, натижаси ёмон бўлишини айтишди. Аммо Арслон унамаётган эди.

Замира эрининг йўлини тўсди.

– Агар мени севсангиз ортга қайтиб шифокорлар гапига кирасиз, агар йўқ десангиз, мен ҳозироқ кўчага чиқиб ўзимни автомашина тагига ташлайман...

Арслон кўнмасдан иложи йўқ эди.

– Хўп, юр, ичкарига кирамиз, шифокор айтганини қиламан, фақат сен менинг ёнимдан жилмайсан, – деди.

Арслон Замирани қўлидан маҳкам ушлаб олди.

Навбатчи шифокор бунга қаршилик қилмади.

Врачлар беморни операцияга тайёрлашди.

Замира онаси билан касалхонада эри операциядан чиққунга қадар ўтирди.

Тунги соат иккилардан сўнггина уйга қайтди.

Эртасига эрталаб яна касалхонага бориб, Арслоннинг холидан хабар олишди.

Бу орада куёвтўрани яқин қариндошлари ҳам келиб, хабар олиб туришди.

Арслоннинг онаси Комила опа орадан уч кун ўтиб, Туркиядан учиб келди. У воқеани билгач, “сенлар ўғлимни шу куйга солгансанлар”, деб жанжал кўтарди.

Орадан яна бир неча кун ўтиб, Арслон Ботиров онасини гапига кириб, “турмуш ўртоғим З.Ботирова қорнимга пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказди” деб ички ишлар бўлимига ариза ёзди.

Иш терговга чиқди, ундан сўнг судга оширилди.

Олий суд Матбуот хизмати берган маълумотга кўра, жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди ушбу ишни ҳар томонлама муҳокама қилиб, қонуний баҳо берди.

Жиноят иши бўйича аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб жабрланувчи А.Ботиров суд тергови даврида ҳар хил кўрсатмалар бериб, дастлаб унга З.Ботирова пичоқ билан тан жароҳатини етказгани, сўнгра у ўзига ўзи пичоқ билан тан жароҳати етказгани ҳақида берган кўрсатмаларини жиноят иши бўйича тўпланган барча далиллар мажмуи билан солиштириб, натижасини қатъий ўрганиб, батафсил муҳокама қилиб, З.Ботирова А.Ботировга нисбатан қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш жиноятини содир қилмаган ва жиноий ҳодиса юз бермаган, деб топди.

“З.Ботирова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилсин ҳамда иш қўзғатилган, тергов ва суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли оқлансин...”

З.Ботировага реабилитация қилиниши муносабати билан унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини ЖПКнинг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда даъво талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.