Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

У фақат "она" деган сўзни билади холос ёки меҳнат муҳожирларининг Россияда қолиб кетаётган болалари

Тожик боласи ота-онасидан айро ҳолда Россиядаги мактаб-интернетда бир йил яшаб ўз она тили – тожик тилини мутлақо унутди. Фақатгина "Оча" ("Она" сўзининг тожикча шевадаги атамаларидан бири) сўзи эсида қолган холос.

Яқиндагина уни Тожикистонга, яқинлари бағрига қайтаришди.

"Онамсиз ўтган бир йил мен учун ниҳоятда оғир ўтди. Буни сўз билан ифодалаб беришим қийин", дейди бир йил онаси ва яқинларидан узоқда, бегона муҳитда яшаган ва йил ўтиб онаси бағрига қайтган 9 ёшли тожик бола.

Сожида (исм ўзгартирилган) боланинг онаси – боласини 2018 йил июнь ойидан бери мутлақо кўрмади. У турмуш ўртоғи билан ишлаб уч нафар фарзандини тарбиялаб юрган эди. Уларнинг кенжа ўғли Россияда туғилди.

Оиланинг умиди шу кенжа ўғилдан. Чунки Сожиданинг иккита катта фарзанди ногирон.

Орадан анча вақт ўтиб ҳужжатларни вақтида расмийлаштирмагани учун Сожиданинг эрини Россиядан депортация қилишди. Сожида учта боласи билан Россияда ёлғиз қолди. У чорасиз қолиб ҳужжатларини узайтирди ва Россияда ишлаб қолди.

Шундай кунлардан бирида ижарада яшайдиган уй эгаси Сожиданинг кенжа ўғлига уйда йиғилиб қолган ахлатни тўкиб келишга юборади. Бола кўчага чиққандан уни ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари ушлаб олади. Ҳали мактабга чиқмайдиган ва рус тилини яхши билмайдиган бола уларга ҳеч нарсани тушунтириб бера олмайди. Шундан сўнг улар болани ўзлари билан олиб кетади.

Сожида боласини қаердалигини қидириб топгунча ўзини ҳам иккита боласи билан Россиядан депортация қилишади.

Сожиданинг айтишича ўшанда боласидан ажралиш, уни Россияда қолдириб уйга қайтиш жуда ҳам оғир бўлган. Бир йил давомида нима қилиб бўлса ҳам Россияга бориб боласини олиб қайтишни ўйлаган. Аммо, бир тарафдан Россиядан депортация қилингани, иккинчи тарафдан эса унинг қўлида Россияга бориб-келиш учун етарли маблағ бўлмагани унга боласини бориб олиб келишга тўсқинлиқ қилди.

Ўғлини Россиядан олиб келиш чораларини топа олмаган Сожиданинг бор умиди Тожикистон ҳукуматидан бўлди. У ўғлини қайтариб олиб келиб беришларини сўраб кўп идораларга мурожаат қилди. Ниҳоят Ички ишлар вазирлигининг сайъ-ҳаракати билан болани Россиядан қайтариб олиб келиб беришди.

– Ниҳоят бир йилдан сўнг ўғлимни бағримга қайтаришди. Бу учун Ички ишлар вазирлигидан жуда миннатдорман. Мен бу онларни бир йил кутдим. Ниҳоят ўғлим бағримга қайтди.

Турли сабаблар билан Россияда қолиб кетган бир гуруҳ болаларни Москвадан Тожикистонга олиб келиб ота-оналарига топшириш ишларига бош қош бўлган ИИВ вояга етмаганлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Баҳодур Ҳамроҳзоданинг айтишича, Тожикистон ҳукумати турли сабаблар билан Россияда қолиб кетган болаларни яқинларига қайтариш учун қўлидан келган ҳамма ишларни қилаяпти.

Унинг сўзларига кўра, 2019 йилнинг 4 ойи давомида ота-оналари депортация қилинган ҳолда ўзлари Россияда қолиб кетган ўнгга яқин болани Тожикистон ИИВ ота-онаси бағрига қайтарган.

"Россияда ота-онаси депортация бўлганлиги ортидан қолиб кетган кўплаб тожикистонлик болалар, ўсмирлар бор. Уларнинг аксариятини Тожикистонга қайтаришнинг иложи бўлмаяпти. Баъзиларини ҳужжатларида ноаниқликлар бўлса, баъзи ўсмир ёшдагилари эса ўзлари Тожикистонга қайтишни хоҳлашмаяпти. Аммо, вояга етмаган болаларни қайтаришда давом этаверамиз", дейди у.