Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Университет хиёбони тарихини йўқотмаяпти, мозийни уйғунлаштирган ҳолда кўркамлашяпти

Тарихи бир ярим асрдан зиёд даврни ўз ичига олган Университет хиёбони деб номланувчи бульвар атрофида бугун кўп гап-сўзлар, муҳокамалар гувоҳига айланяпмиз.

Аввало, Самарқанд шаҳрига, унинг тарихи ва бугуни, кўрки ва гўзаллигига бефарқ бўлмаган самарқандликлар, меҳмонлар, ҳатто чет элликлар Университет хиёбонида амалга оширилиши режалаштирилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига хайрихоҳ ҳолда ўз муносабатларини билдирмоқдалар. Аммо айрим шахслар ижтимоий тармоқларда асосланмаган фикрларга таяниб, гўёки Университет хиёбони бузилаётгани, бу ерда унинг тарихий кўринишини йўқотган ҳолда қурилиш ишлари олиб борилаётганини айтиб, айюҳаннос солишмоқда.

Хиёбон шаҳар марказида жойлашган катта майдонга эга бўлиб, бугунги кунда у сайр қилиш ва ҳордиқ чиқариш учун хизмат қилади.

Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги келгусида хиёбоннинг халқимиз ва меҳмонлар учун қўшимча хизматларни ҳам кўрсатиш имконини яратишга бел боғлаганлар. Хусусан, хиёбонда фавворалар, спорт ускуналари, қулай ўриндиқлар, WI-FI зоналар, ахборот хизматлари маркази, югуриш, велосипед ва бошқа кичик экологик тоза техник воситалар (самокат, сигвей каби) учун йўлаклар ўрнатилиши кўзда тутилган. Бу эса халқимизнинг спорт билан шуғулланиши ва ҳордиқ чиқариши учун яна бир замонавий маскан пайдо бўлади, деганидир.

Ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, фикр билдираётган кимсаларнинг аксариятини ташвишга солаётган энг асосий масала – хиёбондаги дарахтларнинг кесилиш хавфи. Биз ҳам бу масала эътибордан четда қолмаслиги тарафдоримиз. Хиёбонни ободонлаштириш ишларининг биринчи босқичини кузатган киши мавжуд дарахтларни кесилмаётганининг гувоҳи бўлади. Аксинча, лойиҳачилар таъкидлашича, бу ердаги мавжуд 2290 та дов-дарахт ўз ўрнида сақланиши баробарида қўшимча арча ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.

Юқоридагилар ҳақида фикр юритиб, эътиборингизни бир масалага қаратмоқчимиз. Юртимиз тарихини, умуман, ҳар қандай давлат, шаҳар тарихини ўрганадиган бўлсак, бирор марта, бирор ким четдан келиб, ўзга давлат ёки шаҳарга жон куйдириб, уни обод қилмаган ёки аҳолисининг фаровон турмуши учун қайғурмаган. Ўзини жонкуяр қилиб кўрсатган ўзга давлатлар вакиллари аслида доимо бундан ўзлари учун манфаатли бошқа мақсадларни кўзлаганлар ва шундай бўлиб қолади ҳам.

Яна бир жиҳат, юртимизда олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва замонавий қурилиш ишларини чет эл матбуотида камчилик сифатида қоралаб тарғибот қилиш қанчалик тўғри. Бундан кимлар ва қандай манфаат топмоқда? Улар учун материал тайёрлаб бераётганлар аслида ўз юрти ривожига билиб-билмай тўсқинлик қилиб қолмаяптиларми?

Шуларни эътиборга олиб, ҳамюртларимиздан ҳамиша навқирон ва қадимий Самарқанд шаҳрини асраб-аввайлаб, унинг янада кўркамлашишига ҳисса қўшиш билан бирга ўзгалар томонидан ёлғон ваъдаларга алданиб қолмасликларини сўраймиз.

Ўткир УСМОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази Самарқанд вилоят бўлими раҳбари.