Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Университет хиёбонида велойўлак ташкил этилади

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, аҳолининг маданий дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида университет хиёбонида ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

Лойиҳага кўра, хиёбон бўйлаб аҳолининг кечки сайр қилишлари учун икки томонлама велойўлак қурилиб, замонавий фавворалар барпо этилади. Ёритгичлар ҳам маскан кўринишига мос равишда ўзгартирилади, хиёбон маркази турли геометрик шаклдаги манзарали безаклар билан бойитилади.

Муҳими, бу юмушлар ҳеч бир дарахтга зиён етказилмай бажарилади. Аксинча, ҳудудга манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.

Айни кунда лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди. Бу ерда шаҳар ҳокимлиги, лойиҳа муаллифлари, қурилиш ва ободонлаштириш идоралари мутасаддилари, нуроний отахонлар жам бўлди.

Дастлабки иш Амир Темур ҳайкалидан СамДУ биология факультетигача бўлган ҳудудда лойиҳада белгиланган юмушларни амалга оширишдан бошланди.

Мазкур лойиҳа бўйича ишлар шу йилнинг август ойида якунланиши режалаштирилган.

Н.Жонтўраева.