Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда илк хусусий боғча фойдаланишга топширилди

Туман марказидаги Дўстлик маҳалласида очилган “Анорабегим” нодавлат мактабгача таълим муассасаси ургутлик тадбиркор Анвар Фазлиев томонидан бунёд этилди.

Икки миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган боғча 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда болаларнинг соғлом ўсиши, таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Хоналар замонавий мебель ва ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Бу ерда болаларга рус ва инглиз тилларида сабоқ берилади.  Ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида болаларни боғчага олиб келиш ва олиб бориб қўйиш учун тадбиркор томонидан битта “Дамас” автомашинаси ҳам ажратилган.

– Ушбу муассаса туманимизда ташкил этилган илк хусусий боғча ҳисобланади, – дейди Ургут тумани мактабгача таълим бўлими мудири Ҳ.Бобоева. – Яқин кунларда яна иккита шундай нодавлат мактабгача таълим муассасасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Умуман, бугунги кунда туманда 45 та давлат, 19 та оилавий, 6 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу боғчаларда ҳозирда туман бўйича мактабгача ёшдаги болаларнинг қарийб 17 фоизи қамраб олинган бўлса, йил якунигача янги муассасалар ташкил этиш ҳисобига қамровни эллик фоизига етказишни режалаштирганмиз. Бунинг учун имконият ва шароит етарли. Айни пайтда туманимизда яна 2 та давлат, 6 та оилавий боғча фойдаланишга тайёр ҳолатда турибди.