Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда тўлдирилган газ баллонлари тарқатишда ортиқча пул олинаётгани ростми?

Шанба куни таҳририятимизга Ургут тумани Сариқтепа маҳалласидан Ҳақ­берди Нодиров, Абдулла Абдураҳимов имзоси билан шикоят хати келди. Улар қишлоқда газ тўлдирилган баллонлар тарқатишда ортиқча пул олинаётгани, туман газ идорасида "бир гуруҳ олғирлар жойлашиб олгани"ни ёзишган.

"Ўзтрансгаз" УК газ тарқатиш бўйича Самарқанд вилоят филиали раҳбари вазифасини бажарувчи Х.Бобомуродов билан боғланиб, шикоят мазмунини айтдик.

– Мен ишдаман, – деди у, – бугун айрим мутасаддилар билан айнан шу масалани муҳокама қиляпмиз. Хатнинг нусхасини ташлаб беринг, Ургутда юрган вакилларим ҳозироқ масалага ойдинлик киритади.

Хат нусхасини жўнатдик, масала ўша куниёқ ўрганилди. Душанба куни далолатнома ва шикоятчининг тушунтириш хати таҳририятга етказилди. Маълум бўлишича, муаллифлар иккинчи захира газ баллони сўраганда (ҳар бир хўжаликка битта газ баллони берилади) рад жавобини олгач, жаҳл устида шикоят ёзган экан. Маҳалла оқсоқоли тасдиқлаган далолатномага асосан Сариқтепа маҳалласига 8, 9, 10 январь кунлари 300 та газ баллони 19 минг сўмдан тарқатилган.

Майли, натижа қандай тугаганидан қатъи назар, қиш мавсумида газ идораси раҳбарининг ҳушёр туриши эътиборли.

– Аҳолининг фикри биз учун муҳим, – деди Х.Бобомуродов. – Ҳар бир маҳалла идорасида газ баллон нархи, тарқатилиш муддатини, эътирозлар учун телефон рақамларини ёзиб қўйганмиз. Ҳамма нозирларим ҳам бир хилда масъулият билан ишлайди, деб айтолмайман. Яқинда Пайариқ туманида газ баллони тарқатишда ортиқча пул олганлиги учун айрим ходимларимиз иши прокуратурага берилди. Жомбой ва Паст Дарғом туманларидан ҳам шундай ҳужжатлар тайёрланди. Бироқ жамоатчилик ҳушёр турса, бундай камчиликларнинг олдини олиш осон кечади. Шу сабабли биз аҳолидан газ баллонлари тарқатиш билан боғлиқ масала, муаммо юзасидан (66) 239-78-18 рақамли телефонга хабар беришларини сўраймиз.

 

Ф.ИСҲОҚОВ.