Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уй-боғча очиш фойдали бизнесми?

 Вилоятимизда 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчага қамровини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг турли шакллари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали. Хўш, бугун боғча очаётган тадбиркорлар қай тартибда фаолият юритяпти? Ушбу боғчаларни очишда кимга мурожаат қилиш керак, унинг тартиби қандай? Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида Булунғур туманидаги бир нечта оилавий боғчалар фаолияти, улардаги шароитлар билан танишдик.

– Оилавий мактабгача таълим муассасаси очиш учун, тадбиркор аввало, давлат хизматлари марказидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши лозим, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудираси Умида Гўбаева. – Кейин уйдаги шароитлар, ёнғин хавф­сизлиги, туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази хулосаларига кўра, улар билан битим имзоланади ва туман ҳокимлигининг рухсати билан ўз фаолиятини бошлайди. Аммо шуниси ҳам муҳимки, биз туман "Маҳалла" жам­ғармаси билан ҳамкорликда, ҳар бир тадбиркорнинг маҳалладаги ўрни, оилавий муҳити, болаларга тарбия бера олиш имкониятларини тўлиқ ўрганамиз. Шундан кейин битим имзолаймиз. Масалан, шароити, имконияти етарли бўлган айрим тадбиркорларга оилавий муҳити сабаб рухсат бермадик.

Бугун туманимизда 37 нафар ташаббускор тадбиркор рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 26 нафари билан битим имзоланган, 20 нафари ўз фаолиятини ҳам бошлади. Жорий йилнинг январь ойидан ушбу боғчаларга давлат бюджети томонидан субсидиялар ажратилиши белгиланди. Бу ҳам тадбиркорларнинг фаолиятини самарали ташкил этишида катта ёрдамдир.

Тумандаги оилавий боғчалар билан танишдик. Барчасида шароит турлича. Бу ҳам хонадон эгасининг билим савиясига, болаларни тарбиялашдаги тажрибасига боғлиқ экан. Навбаҳор маҳалласида Сайёра Ҳазратова томонидан ташкил этилган. "Марҳабо Жўшқин" оилавий мактабгача таълим муассасасининг очилганига олти ой бўлган. Бу ерда 16 нафар бола тарбияланади. Уларга битта тарбиячи ва ёрдамчи бириктирилган. Хонадонда барча шароитлар етарли, аммо болаларга таълим-тарбия беришда имкониятлар бироз чекланган. Ўқув машғулотлари олиб бориш учун инвентарлар, кўргазмали воситалар етарли эмас.

– Икки нафар фарзандим бор, – дейди С.Ҳазратова. – 20 йил олдин Самарқанд педагогика коллежини тугатганман. Мутахассислигим бўйича энди ишлашга тўғри келди. Бугун болаларга таълим бериш жараёни тубдан ўзгарган. Шунинг учун боғчага тарбиячи сифатида фаолият юритаётган мутахассисларни жалб этганмиз. 20 миллион сўмга хонадонимизни мебель ва турли инвентарлар билан жиҳозладик. Камчиликларимиз кўп. Уларни туман мактабгача таълим бўлими билан ҳамкорликда бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз.

Янгиобод маҳалласидаги "Малика" оилавий мактабгача таълим муассасаси фаолияти Шаҳноза Мустафоева томонидан йўлга қўйилган. Болаларга машғулотлар ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади. Кўргазмали воситалар билан бойитилган. Тарбиячи инглиз ва рус тилларини мукаммал билар экан.

– Қизим ҳамширалик бўйича таҳсил олган, аммо болаларга меҳри бўлакча бўлганлиги учун туманимиздаги 1-МТМда беш йил фаолият юритди, – дейди Мақсуда Мамадалиева. – Унинг шижоатини кўриб, яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда оилавий боғча очишга қарор қилдик. Бугун 20 нафар бола уй-боғчамизда таълим-тарбия оляпти. Болаларнинг ҳар биридан ойига 100 минг сўм ойлик бадал оламиз. Тўғриси, яшириб нима қилдим, уларнинг кундалик овқатланишини ҳар доим ҳам меъёр асосида ташкил қилиб бера олмаймиз. Уларнинг овқатланишига кунига ўртача 60-80 минг сўмдан ажратамиз. Аммо нарх-навонинг ошганлиги баъзан кунлик рацион асосида таомнома тайёрлашга етмайди. Шунинг учун асосий эътиборни таълимга қаратяпмиз.

Оилавий боғчаларнинг қулайлиги кўп. Биринчидан, хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олишингиз мумкин. Фақатгина бу соҳада етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.