Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уй-жойлар қурилиши қачон тартибга тушади?

Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капиталқурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акмал Шукуров билан суҳбат.

Кейинги йилларда вилоятимизда кўп қаватли уйларнинг қурилиши ҳудудлар ободлиги, халқимиз турмуш маданияти юксалишида муҳим аҳамият касб этди. Барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойлар туфайли минглаб оилалар ватан ичра кичик ватанга эга бўлиб, ҳаётини йўлга қўймоқда.

Бироқ кўп қаватли уйларни бунёд этишда мавжуд талабларга риоя этмасдан қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Уларда миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий шаҳарсозлик талаблари қўпол равишда бузиляпти. Бу каби муаммоларни бартараф этиш учун нима ишлар қилинмоқда? Умуман, жойларда кўп қаватли уйлар қурилиши аҳволи қандай? 

- Президентимиз шу йил май ойида Андижон вилоятига ташрифида бугуннинг энг долзарб масаласи ҳақида фикр юритиб, «Камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини – уй-жой. Одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади» деган эди, - дея гап бошлади А.Шукуров. - Шу нуқтаи назардан жорий йилда шаҳар ва туманларимизда 2 минг 414 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар қуриляпти. Айни кунда Самарқанд шаҳридаги Қорасув, Паст Дарғом туманидаги Гўзалкент, Жомбой туманидаги Каттақишлоқ, Нарпай туманидаги Нарпай, Иштихон туманидаги Қайчили, Булунғурдаги Меҳнатобод, Пайариқдаги Янгиҳаёт каби ўнлаб массивларда 5 қаватдан 12 қаватгача бўлган кўркам уйлар барпо этилмоқда.

Муҳими, янги тартиб асосида 1160 хонадонга эга уй-жойлар, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 680 хонадонли, Самарқанд туманидаги 240, Тойлоқ туманидаги 60, Ургутдаги 180 хонадонга эга кўп қаватли уйлар қуриб битказилди. Ички сувоқ ва монтаж ишлари якунлангач, уй эгалари илиқ кунларда янги хонадонларга кўчиб ўтишлари мумкин.

Қолган уйлар ҳам пудратчилар билан тузилган шартномаларга мувофиқ, белгиланган жадвал асосида йил охиригача босқичма-босқич фойдаланишга топширилади.

- Ушбу уй-жойлар шаҳарсозлик талабларига нечоғли амал қилинган ҳолда қуриляпти?

- Аввало, уй-жой аҳоли пунктининг бош режаси, яъни одамлар яшаш ва фаолият муҳитини шакллантиришнинг комплекс шартларини, ҳудудий ривожланишининг асосий йўналишларини белгилайдиган шаҳарсозлик ҳужжатига мос бўлиши керак. Шу жиҳатдан ҳар битта кўп қаватли уй бош режа асосида қуриляпти. Уларнинг бунёдкорлик фаолияти - қурилиш ишларининг шаҳарсозлик нормаларига мос бўлиши бўйича уч томонлама, яъни буюртмачининг техник, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик ва вилоят қурилиш назорати инспекциясининг сифат назорати ўрнатилган.

Ҳамма уй қурилиши ҳам рисоладагидек бажариляпти, деб бўлмайди. Шунинг учун вилоят қурилиши назорати инспекцияси томонидан 318 та назорат текширишлари ўтказилиб, жойларда аниқланган камчиликлар, техника хавфсизлиги, қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан 319 та ёзма кўрсатма берилган. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган буюртмачи-пудратчи корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал этиш бўйича 8 та ҳужжат тўплами судга юборилган.

Шуни алоҳида айтишим керак, жорий йилдан бошлаб, уй-жойлар қурилиши ишларининг боришини доимий мониторинг қилиш юзасидан ҳар бир объектга видеокамералар ўрнатилди ва марказлашган ҳолда ягона тизим яратиш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш соҳасида «шаффоф қурилиш» тизимини яратиш ишлари бошлаб юборилди.

- Уй-жой қурилиши учун бош режа лойи­ҳа-сметасини ким ишлаб чиқади? Лойиҳачиси ким бўлади? Ким қуради, ким назорат қилади?

- Кўп қаватли уйлар бош режа лойиҳалари «Тошбош­планЛИТИ» ва «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхоналари томонидан, намунавий лойиҳалар асосида қуриладиган уй-жойларнинг лойиҳа ва бош режалари эса “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ вилоят филиали томонидан ишлаб чиқилади.

Тендер савдоларида ғолиб деб топилган пудратчилар томонидан қурилиш ишлари амалга оширилади. Ҳокимлик органлари ўрнатилган тартибда тасдиқланган бош режага риоя этган ҳолда уни амалга татбиқ этиш жараёнини таъминлайди. Вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳузурида фаолият юритаётган архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши бунёд этилаётган ҳар бир бино ва иншоот лойиҳаси, қурилиш жараёнларини муҳокама қилади, қуриладиган уй-жойнинг жойлашиши ва атрофида барпо этилиши лозим бўлган машина тўхташ жойи, болалар майдончаси каби иншоотларни белгилайди.

Қурилиш объектларида назорат буюртмачининг техник назоратчиси, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати ва вилоят қурилиш назорати инспекциясининг инспекторлари томонидан амалга оширилади.

- Кўряпмиз, айрим жойларда қурилиш меъёрлари бузиляпти. Бу меъёрларнинг бузилишида энг катта жавобгарлик кимнинг зиммасида?

- Объектларда қурилиш меъёрларининг бузилиши бўйича энг катта жавобгарлик бош пудратчи ҳамда назорат қилувчи ташкилотлар ва уларнинг қурилиш объектига бириктирилган ходими зиммасига юкланади. Чунки уй-жойларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилади. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш, тасдиқлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш буюртмачининг ташаббуси билан ва унинг ҳисобидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари эса объектлар қурилиши учун рухсатнома беришга асос бўлади.

- Акмал ака, уй-жой қурилишида иштирок этаётган айрим қурилиш ташкилотларида етарли техникалар мавжуд бўлмагани ҳолда тендерда ютиб, иш бошлагани ҳақида эшитамиз…

- Тўғри, илгари бундай ҳолатлар кузатилган. Аммо вилоятда 2018-2019 йилларда молиявий ҳолати, бажарган иш ҳажмлари, доимий ишчи ходимлари, малакали қурувчилари ва машина механизмларга эгалиги қаттиқ назоратга олинди. Яъни, ана шу имкониятларга эга қурилиш пудратчи ташкилотларнинг электрон рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунда бундай қурилиш ташкилотлари 317 тани ташкил этади. Келгусида фақат барча имкониятларга эга ташкилотларгина дастурлар асосидаги объектлар, шу жумладан, уй-жой қуриш учун ўтказиладиган тендерларда иштирок этади.

- Хориж давлатларида уй-жойларнинг фойдаланиш муддати белгиланган. Бизда-чи, кўп қаватли уйларнинг яроқлилик муддати борми? 

- Албатта. Уй-жойларни қурилиши тугатилиб, уй эгасига топширилган кундан бошлаб бир йил муддат кафолат муддати берилади ва пудратчига молиялаштирилиши белгиланган маблағларнинг 5 фоизи бир йиллик кафолат муддати якунлангунича буюртмачида ушлаб қолинади. Ушбу кафолат муддати даврида уй-жойда камчиликлар аниқланган тақдирда, пудратчи томонидан қайта таъмирлаб берилади.

Бундан ташқари, яроқлилик муддати мавжуд бўлиб, бунга фойдаланиб турилган уй-жойларни эксплуатация қилиш жараёнида ойдинлик киритиб борилади, яъни уй-жойни неча йилга хизмат қилиши бу ундан тўғри ва оқилона фойдаланишга боғлиқ.

- Нега бизда қурилишда сифат кафолати, бинонинг зилзилабардошлик даражаси белгиланмайди?

- Йўқ, бу саволингиз ноўрин. Негаки, кўп қаватли уйларда юзлаб одамлар яшайди. Шунинг учун унинг сифати асосий эътибордаги масала. Шунинг учун уй-жойларга бир йиллик сифат кафолат муддати ҳамда бинонинг зилзилабардошлиги лойиҳа асосида ишлаб чиқилади, тегишли ташкилотлардан лаборатория хулосаси олинади. Шунингдек, уй-жойларнинг лойиҳасида унинг зилзилабардошлилиги назарда тутилган бўлиб, лойиҳа экспертизаси асосида қурилиш ишлари олиб борилади ҳамда қурилиш давомида объектнинг тегишли босқичлари махсус лаборатория кўригидан ўтказилиб, хулосалар олинади. Масалан, бугунги кунда Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида қурилаётган кўп қаватли уйлар 8-8,5 балли зилзилага бардошли қилиб қурилмоқда.

- Кейинги йилларда шаҳар-туманларда бош режага зид, ноқонуний бинолар қурилиши учраяпти? Яъни, кўп қаватли турар-жой объектларида шаҳарсозлик ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмасдан қурилиш ишлари бошлаб юбориляпти. Бу ҳолатларга барҳам бериш учун қандай тадбирлар қилиняпти?

- Тўғри, баъзи ҳолларда аҳоли пунктларининг бош режасига хилоф равишда бино қуриш, архитектура органлари билан келишилмасдан қурилиш қилаётган «тадбиркор»лар бор. Бу ўзбошимчалик, қонунни ҳурмат қилмасликдан бошқа нарса эмас. Шу боис, аҳоли пунктларини бош режа асосида қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтириш бўйича ўрганишлар ўтказилиб келинган, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан объектларни бузиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларимиз, ҳудудлардаги маҳалла раислари ҳамда профилактика нозирлари билан ҳамкорликда ноқонуний қурилиш ҳолатларини олдини олиш, уларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда ушбу ишлар албатта давом эттирилади.

Шунингдек, кейинги йилларда қурилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш борасида кўзга кўринар даражада ишлар олиб борилмоқда ва бу борада ноқонуний қурилган бинолар қонунчиликда белгиланган тартибда албатта бузилади. Шунинг учун ҳам тадбиркорларимиз ва фуқароларимиздан қурилиш ишлари барча шаҳарсозлик ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмасдан амалга оширмасликларини сўраб қоламан.  

Шу ўринда таъкидлаб ўтишим лозимки, фуқароларимиз ижтимоий тармоқларда фаол равишда ҳудудларда олиб борилаётган ноқонуний қурилишлар ҳақида бизга хабар бериб бораётганликлари учун уларга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. 

Ноқонуний қурилишларни бартараф этиш борасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва бартараф этиш масалалари бўйича доимий ишловчи комиссиялар ҳамда қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда ваколатли органларга кўмаклашувчи туман ва шаҳар ишчи гуруҳлари ташкил этилган. 

Комиссиялар томонидан 2020 йилнинг январь ойидан бугунги кунга қадар вилоят бўйича 1 190 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Шундан 326 таси ҳудудий комиссия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бартараф этилган, 98 таси қонун талабларига мувофиқлаштирилган, 766 таси бўйича қонуний чора кўриш ишлари давом эттирилмоқда.

Умуман олганда, кўп қаватли уй-жой кичик маблағ билан битмайди. Катта харажат қилиндими, демак, аввало уни шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқ жойлаштириш, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш ҳар бир лойиҳачи ва қурилиш ташкилотидан масъулият талаб қилади. Бунга амал қилмаслик бу ерда яшайдиган аҳоли эътирозига ва албатта қонун олдида жавоб беришга олиб келади.

Акрам ҲАЙДАРОВ суҳбатлашди.