Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Узоқ умр кўрмаслигимизга нима сабаб?

Бугунги кунда юртимизда 8 минг нафардан ортиқ юз ёшдан ошган нуронийлар истиқомат қилади. Аммо, бу рақамлар 33 миллион киши истиқомат қилаётган мамлакат учун бу кўпми ёки кам? Айрим шарқ давлатларида яшовчи юз билан юзлашганлар сони бир неча марта кўпни ташкил қилади. Масалан, Японияни олайлик. Қатъий режим, эрталабки бадантарбия ва тўғри овқатланиш япон кексаларини жаҳонда энг кўп узоқ умр кўрувчилар қаторига қўшиб қўйган. Ҳозирда уларнинг сони 61,5 мингдан ортиқ. Ҳар юз минг кишига 48 нафардан тўғри келади. Уларнинг ўртача умр кўриши аёлларда 86,8 ёш бўлса, эркак қарияларда 80,5 ёшни ташкил этади.

Узоқ умр кўришнинг сир-синоати нимада?

Жисмоний тарбиянинг инсон саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эгалигини ҳамма билади. У билан мунтазам шуғулланган кишиларнинг соғлиги мустаҳкам бўлиш билан бирга иродаси кучли, чидамли, масъулиятли бўлади. Аммо, кўпчилик турли зарарли одатларга, жумладан, чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ва ортиқча овқатланиш каби ҳолатларга ружу қўйишлари туфайли ўз саломатлигини хатар остида қолдиради. Шунингдек, носоғлом турмуш тарзи – умрни қисқартирувчи турли касалликлар, хусусан, қандли диабет, юрак қон-томир, онкологик каби хасталикларни келтириб чиқаради.

Афсуски, бизда саломатликни асраш, умрни узайтириш ва соғлом турмуш тарзи асосида мазмунли яшашни инсон қачонки, боши ёстиққа тегсагина чинакамига қайғуришни бошлайди. Аммо кимки тизимли равишда мазмунли ҳаётга интилиб яшаб, соғлом турмуш тарзига амал қилса узоқ умр кўриши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Жумладан, туркиялик энг кекса онахон Фотимахоним 164 ёшда ҳам эваралари сафида юрган бўлса, Озарбойжонлик М.Эйвазов 152 ёшда ҳам ўзини дадил ва тетик ҳис қилган экан. Бу каби мисоллар юртимизда ҳам топилади. Қорақалпоғистонда истиқомат қилувчиЮ.Кулаков 82 ёшда ҳам ўзини худди 40 ёшли йигитлардек тетик ҳис қилишини айтади. У кекса бўлишига қарамасдан ҳамон соғ ва бақувват эканлигини ҳар куни эрта тонгдан бир неча масофа югуриши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, шунингдек, тоза ҳавода бир неча километрлаб пиёда юришини айтди.

Тиббиёт фани отаси Ибн Сино ўз асарларида узоқ умр кўришнинг сири жисмоний машқларни бажариш, тўғри овқатланиш ва ўз вақтида ухлаш эканлигини бежизга келтирмаган. Шу боисдан, дунёнинг ривожланган давлатларида жисмоний тарбия ва спортни нафақат соғлик учун, балки жамият барқарорлигида ҳам инсон салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш омили деб ҳисоблайди.

АҚШда соғлом турмуш тарзи кенг оммалашган бўлиб, бу мактаб ўқувчилари, коллеж ва университет талабаларигача барчасини қамраб олган. Швецияда ҳам 33 фоиз аҳоли мунтазам равишда фитнес клубларга қатнайди. Ишга велосипедда боришади. Финляндияда аҳолининг 72 фоизи, австралияликларнинг 70 фоизи спорт билан мунтазам равишда шуғулланар экан.

Соғлом турмуш тарзини, айниқса, европаликлар жуда қадрлашади. Жумладан, словенияликлар ҳам жаҳонда энг узоқ умр кўрувчилар сирасига киради. Уларнинг ўртача ёши эркакларда 77 бўлса, аёлларда 84 ёшни ташкил этади. 61 фоиз словениялик ўз соғлигини мустаҳкамласа, 24 фоизи ўз вазнини доимо назорат қилиб боради.

Хитойда жисмоний тарбия ва спорт бўйича махсус қонун ва 15 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилган. Биргина ўйингоҳлар сони 9000 тани ташкил этади. Бу давлатда қонун, тартиб-интизом, давлат кўмаги ва бизнесни тўғри рағбатлантириш ҳисобига спорт билан шуғулланиш яхши йўлга қўйилган. Энг муҳими, оммавий спорт тадбирлари буйруқбозлик билан эмас, балки фуқароларда ўзини-ўзи бошқариш кўникмасининг устуворлиги юқори эканлиги билан фарқ қилади.

Хидирали БОТИРОВ.

Завқиддин БОЗОРОВ.