Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Васийлик ва ҳомийлик алоҳида ташкилот бўлиши лозим

Нарпай туманида яшовчи Ленар Қурбонова бир неча йилдирки, ўз фарзандлари билан бирга болаларидан воз кечиб кетган узоқ қариндошининг икки фарзандини ҳам қарамоғига олиб, тарбиялаб келмоқда. Яқинда уларни қонуний асосда ўз оиласига олгач, тутинган она сифатида унга давлат томонидан нафақа тайинланди.

- Онаси чақалоқлигидан ташлаб кетган бу болаларни улғайтириш учун бор имконимни сарфлаяпман, - дейди Л.Қурбонова. – Чақалоқлигидан қараганим учун Меҳрибонлик уйига топширишга кўнглим бўлмади. Ахир уларга меҳримни бериб, фарзандларим қатори қарадим. Ҳозир каттаси 14 ёшга тўлди, уни яхшироқ ўқитиб, қизиққан соҳасига йўналтирмоқчиман. Тўғри, болани ўзим улғайтирдим, аммо бир куни онаси келиб қолса, у ўз фарзандини ҳеч иккиланмай олиб қўйиши мумкин. Шунинг учун уларни ўз номимга расмийлаштириш учун туман ҳокимига мурожаат қилгандим. Масала дарҳол ўрганилиб, зарур ҳужжатлар тўғрилашимда менга ёрдам беришди. Қолаверса кичигига апрель, каттасига август ойидан бошлаб нафақа пули ҳам ажратилди.

Солиқ тушумларининг ижтимоий ҳимояга дахлдорлиги

Ҳисоботларда таъкидланишича, шу йил Самарқандда саккиз нафар (Нарпай туманида 4 та, Самарқанд шаҳрида 4 та) патронат оилаларга нафақа тайинланган бўлса яна 4 та (Ургут туманида 1 та, Каттақўрғон туманида 1 та, Самарқанд шаҳрида 2 та) оила ўрганиб чиқиш жараёнида. Ваҳоланки, шу пайтгача ушбу ҳолат кузатилмаган. Бизнинг тасаввуримизда ота-онасидан эрта етим қолган болаларнинг барчаси Меҳрибонлик уйларида тарбияланади. Лекин қанчадан-қанча болалар яқин инсонларидан айрилиб, қариндошлари қўлида, уларнинг меҳридан баҳраманд бўлган ҳолда улғаймоқда. Умуман, мутахассисларнинг айтишича, бола бахтсиз тасодиф ёки ҳаётдаги турли кўнгилсизликлар туфайли ота-онадан етим қолганда унинг учун энг яхши муҳит ўзи шу ёшгача улғайган хонадон ва ўша ердаги қариндошлари саналар экан. Табиийки, қариндошларнинг ўзлари буни истаса ҳамда болага ўша ерда меҳр берилишига имкон бўлса бола ўша хонадонда қолдирилади.

- Юртимизда болалар ижтимоий ҳимоясини таъминлашнинг қонуний асосларида барча жиҳатлар эътиборга олинган, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси болаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича мутахассиси Оловиддин Очилов. – Жумладан, 10 та қонун, 30 га яқин ҳуқуқий ҳужжат қаровсиз қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Тўғрисини тан олиб айтиш керак, бу ҳужжатларнинг баъзилари тўла ишлаши учун имконият бўлмаган. Яқин йиллардан бошлаб ҳар бир вилоятнинг солиқ тушумлари ўз ҳудудида қолдирилиши билан боғлиқ янгилик бевосита ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳаётига ижобий дахл қилди. Яъни патронат сифатида фарзанд тарбиялаётган 8 нафар оилага нафақа тўлаш учун барча ҳужжатлар тайёрланиб, улар нафақа ола бошлади.

1700 та қаровсиз болалар аниқланган

Патронат оила чин етим ва ижтимоий етим болаларни ўз оиласига олиб вояга етказаётган оиладир. Шунингдек, болаларга васийлик ва ҳомийлик тайинлаш тизими ҳам мавжуд. Оиласига патронат берилаётган номзодлар васийлик ва ҳомийлик органи томонидан албатта ўрганиб чиқилади. Оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит, тиббий саломатлик, болани катта қилиш учун шароит мавжудлиги ва ҳоказолар текширилади, талабларга жавоб берилса, бола шу хонадонда тарбиялаш учун берилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, 2019 йилнинг шу даврига қадар аниқланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг 189 нафари фарзандликка, 178 нафари ҳомийликка, 872 нафари васийликка, 8 нафари патронатга берилган бўлса, 30 нафари Меҳрибонлик уйига, 17 нафари Болалар уйига, 9 нафари SOS болалар маҳалласига жойлаштирилган. Бу дегани жами 1303 нафар боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинди.

Кейинги йилларда хонадонма-хонадон юриш амалиёти йўлга қўйилганлиги туфайли қаровсиз, ҳужжатсиз болалар аниқланиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Биргина 2019 йилнинг ўзида 1700 га яқин шундай болалар борлиги ҳамкор ташкилотлар ёрдамида аниқланиб, уларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шу ўринда шундай болалар ҳақида билганлардан албатта тегишли ҳудуднинг васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат этишларини сўраб қоламиз.

Меҳрибонлик уйлари қисқарадими?

2019 йил 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Меҳрибонлик уйларида тарбияланиб ҳаётда ўз йўли ва ўрнини тополмасдан юрган етим ва ота-она қарамоғисиз қолган битирувчилар ҳам оз эмас. Меҳрибонлик уйларида барча шарт-шароит мавжуд бўлса-да, бола оила муҳитини, тарбияни, меҳрни ҳис қилмай улғаяди. Натижада бола Меҳрибонлик уйини битириб мустақил яшашга, турли муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилишда қийналади. Шунинг учун ушбу қарорда 2020-2023 йилларда Меҳрибонлик уйларини қисқартириш, оила муҳитига яқинлаштирилган оилавий болалар уйлари, болалар шаҳарчалари, тутинган оилаларни кенгроқ ташкил этиш белгиланди.

Самарқанд шаҳридаги 2 та Меҳрибонлик уйида 258 нафар бола тарбияланаётган бўлса шундан атига 15 нафари чин етим, 102 нафари кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари. Кам таъминланган оилалар уй-жой, ота-она иш билан таъминланса оила даромад топиб фарзандини тарбиялаш учун имкониятга эга бўлса, 102 нафар болани ўзининг оиласи бағрига қайтариш имкони бўлади. Қолган етим ва ижтимоий етим болаларни оилаларда тарбиялаш (патронат)га бериш ёки кичикроқ оилавий болалар уйи, болалар шаҳарчаларида тарбиялаш мақсадга мувофиқ бўлади.  

Битта туманга битта ходим

Васийлик ва ҳомийлик тузилмаларининг айнан халқ таълими тизимида ишлаши бежиз эмас. Сабаби, мактаб ёшидаги болалар салмоғи анча кўпроқ. Аммо масаланинг нозик томони шундаки, мактаб ёшидан ташқарида бўлган, яъни етти ёшгача бўлган болалар орасида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтожлари бор. Мактабгача таълим соҳаси бундан бир неча йиллар аввал халқ таълими тизимига қарашли бўлгани учун уларни назорат қилиш масаласида ҳамкорлик бўлган. Аммо айни пайтда барча ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб борилса-да, васийлик ва ҳомийлик органи алоҳида ташкилот сифатида шаклланиши лозим. Сабаби, юқоридаги рақамларнинг ўзи ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар билан тизимли ишлаш, қайсидир ўринларда назорат олиб боришни тақозо қилади. Халқ таълими бўлимларидаги биргина мутахассис болаларнинг ижтимоий ҳимояси масаласидаги кенг қамровли ишларнинг барчасига таълим билан боғлиқ ишидан ортсагина улгуради. Бу эса бир йилнинг ўзида аниқланган 1700 нафар қаровсиз бола билан ишлаш учун етарли эмас.

Гулруҳ МЎМИНОВА.