Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят бош имом хатиби илмсиз отинойилар йўл қўяётган хатоларни санаб ўтди

Аёллар орасида ўтказиладиган диний-маърифий ишларни ҳамда ислом динига оид расм-русумларни бажаришда одатда отинойилар хизматидан фойдаланилади. Отинойилар соф ислом динини ақидапарастликдан фарқлай олиши, атрофда кечаётган жараёнларга дахлдор бўлиши, хотин-қизларни турли салбий кучлар ва уларнинг экстремистик ғоялари таъсиридан ҳимоялашга қодир бўлиши керак.

Албатта, отинойилар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва тегишли қонунлар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруқлари асосида ташкил этади. Бироқ маънавий муҳитга салбий таъсир этаётган ва бидъат-хурофотларга бошчилик қилаётган баъзи бир отинойилар ҳам учрайдики, биз уларни кўпам фарқлайвермаймиз.

- Аслида "отинойи" сўзининг истилоҳий маъноси – қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони ҳамда аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёлдир, - дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили З.Эшонқулов. – Бироқ бугун илми йўқ, бир-икки оят, ҳадисни чала ёдлаб олган, беҳуда гаплару, асоссиз ривоятлар билан одамларни чалғитаётган аёлларнинг борлиги кишини ранжитади.

Умуман, илмсиз отинойилар йўл қўяётган хатоликлар нималардан иборат: Биринчидан, баъзи отинойилар ўзининг етарли билими бўлмагани ҳолда диний расм-русумларга бошчилик қилиш билан бирга бидъат-хурофот ишларда ташаббускорлик кўрсатишяпти. Бу билан фақат ўзларини эмас, балки уларга эргашувчиларни ҳам залолатга бошлашмоқда. Яъни, айрим хотин-қизлар онгига ўрнашиб қолган ирим-сиримлар ва бидъат-хурофотларга раддия билдириш ўрнига, уларга бош-қош бўлмоқдалар.

Иккинчидан, балои нафс йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган баъзи отинойилар аёлларга хос ишонувчанлик, соддадиллик ва итоаткорлик каби хусусиятлардан фойдаланиб, уларни тўғри йўлдан чалғитишяпти. Ишончни суиистеъмол қилиб, соддадил аёлларни алдаш йўлига ўтмоқда.

Учинчидан, баъзи отинойилар суҳбатларида фақат дўзах азоби, қабр ҳаёти ва қиёмат даҳшати ёки жаннат васфи ҳақида гапириб, қалбга ваҳима ёки ҳайрат соладилар. Аслида Яратганнинг муҳаббатига маърифат ва Ҳақ таоло рози бўладиган эзгу ишлар билан эришилади.

Тўртинчидан, илмсиз отинойилар динни осон қилиб етказиш ўрнига амалларни мушкул қилиб изоҳлаш, қўрқитиш йўлини тутади. Отинойилар ибодат масалаларини ҳаддан зиёд қийинлаштириб кўрсатишлари оқибатида, аёллар орасида Ислом динига нисбатан нотўғри тушунчалар пайдо бўляпти.

Бешинчидан, фолбинлик каби гуноҳ ишлар билан шуғулланадиганлар орасида отинойиликни даъво қиладиганлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ранжитади. Ваҳоланки, динимизда фолбинлик, сеҳр-жоду қаттиқ қораланган.

Олтинчидан, кўп отинойилар тўй, ақиқа, хотира маросимларининг фарқига бормайди. Шунингдек, улар диёримиз мусулмонлари ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли адабиётлардан ўқиган ёки эшитган фикрларни гапириб, кишилар орасида ихтилофларни келтириб чиқаришмоқда.

Еттинчидан, отинойиларнинг диний мутаасибликка чуқур берилиши, бошқаларни менсимаслик, билиб билмай сиёсатга аралашиши, маърака ва маросимларда кўрсатган хизмат учун нархлар белгилаб олиш, “сертификат олдим” деб кўнглига келган салбий ҳаракатларга йўл қўйиш, жумладан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунинига зид равишда хотин-қизларга диний сабоқ бериш ҳолатлари кузатилмоқда.

Аслида хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси азалдан аёл устозлар – отинлар зиммасида бўлган. Имом Бухорий, Термизий, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Синонинг улуғ олим бўлишларига маърифатли аёллар, мўътабар оналар сабабчи. Навоийдек шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек ҳукмдорларни ҳам ана шундай оналар тарбия қилишган.

Демак, ҳозирги замон отинойиси ҳам чуқур ҳаётий тажрибага эга, дунёвий ва диний билимлар соҳибаси, миллий-диний қадриятларни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган аёллар бўлиши керак. Энг муҳими, отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, мазҳаблар ҳақида маълумотга эга бўлиши, дунёда юз бераётган ҳодисалардан хабардор бўлиши зарур.