Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори

Жумладан, 2017 йил якунида вилоятдаги ялпи ички маҳсулот ҳажми 18 триллион 319 миллиард сўмга етиб, 102,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 9 триллион 167 миллиард сўм (104,5 фоиз)га, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 9 триллион 88 миллиард сўм (101,4 фоиз)га, қурилиш ишлари ҳажми 2 триллион 351 миллиард сўм (95,6 фоиз)га, чакана савдо айланмаси ҳажми 9 триллион 17 миллиард  сўм (101,2 фоиз)га, жами хизмат кўрсатиш ҳажми 8 триллион  237 миллиард сўм (104,9 фоиз)га, ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 96 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 112,3 фоизга бажарилган.
Шунингдек, 211 та янги корхоналар экспортга жалб этилиб, жами экспорт ҳажми 197,2 миллион долларни ташкил этган. 
Шундан, 67,1 миллион АҚШ долларлик саноат, 130,1 миллион АҚШ долларлик, (169 минг тонна) қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинган.
Экспортнинг асосий қисми Россия, Қозоғистон, Туркия, Эрон, Украина, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон, Хитой, Беларусь ва бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келган.
2017 йилги вилоят бюджет параметрларига асосан, маҳаллий бюджет ижроси бўйича йиллик даромадлар режаси 1 триллион 557,3 миллиард сўмга ёки 102,8 фоизга бажарилган (49,2 миллиард сўмга ортиқ).
Бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири аҳолини иш билан таъминлашдир. Бу соҳада ўтган йил 77 минг 695 та янги иш ўринлари яратилиб, белгиланган прогноз (76 минг 600 та) режаси 101,3 фоизга бажарилган.
Давлат раҳбари томонидан тасдиқланган 2017 йил учун инвестиция дастурига асосан, республика бюджетидан 148,6 миллиард сўмлик маблағ ажратилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши регламентининг 5412-моддасига асосан, вилоят Кенгаши сессияси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраевнинг 2017 йилда вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг 2017 йилдаги фаолияти қониқарли деб ҳисоблансин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимиятининг ислоҳотлардаги ташкилотчилик, ташаббускорлик ролини янада кучайтириш мақсадида вилоят ҳокимлигига қуйидагилар тавсия этилсин:
– вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Ш.Худойбердиев, Ў.Абдуллаев, К.Қурбонов, А.Умаров, О.Бобоев, М.Восеев, Ш.Қулматов, М.Fафурова) "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид ҳудудий давлат дастури"да белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни таъминлаш;
бунда фаол тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шароитлар яратиш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини ва улар фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш, солиқ ва божхона сиёсатини, банк-молия соҳасини янада такомиллаштириш, аграр секторни ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқишга қаратиш;
– ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар соғлиғини сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ижтимоий дорихоналарнинг ривожланган тармоғини яратиш, аҳоли бандлиги ва фуқароларнинг реал даромадларини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлашга қаратиш;
– хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш;
– замонавий ишлаб чиқаришни жорий этишга мўлжалланган инновацион ғоялар ҳамда технологияларни, фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
– ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий салоҳиятининг барқарор ўсиши ва аҳолининг ҳаёт даражаси ҳамда фаровонлигини оширишга кўмаклашувчи фан ва инновацион фаолиятни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
– илғор фикрлайдиган, ташаббускор ва масъулиятли ходимлар ҳамда фуқароларни ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватлаш;
– "Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт", деган қоидани рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш.
4. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев, Марказий банк вилоят бош бошқармаси (Қ.Собиров) тижорат банклари билан биргаликда, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига ишончини кучайтириш, банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини таъминлаш мақсадида тижорат банклари билан ҳудудларда бу борада учрашув, давра суҳбатлари графигини ишлаб чиқиб, тарғибот ишларини олиб борсин ҳамда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларида материаллар билан чиқиш қилсин.
5. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Ш.Худойбердиев, Ў.Абдуллаев, К.Қурбонов)га 2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш дастури лойиҳаларини тармоқ жадвалларига мувофиқ белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш, дастурни амалга оширишда аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш вазифалари топширилсин.
6. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ў.Абдуллаев вилоят уй-жой коммунал хизмати бошқармаси (Р.Саттаров), "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари" АЖ (М.Пардаев), Самарқанд вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали (Қ.Fаниев) билан биргаликда аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун электр энергияси ва табиий газ тармоқларига ўз вақтида уланишини ҳамда узлуксиз етказиб берилишини таъминласинлар.
7. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев, вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси (Х.Назаров), Марказий банк вилоят бош бошқармаси (Қ.Собиров), Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси (Ж.Мусаев), тижорат банклари ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда:
вилоят ҳокимининг 2018 йил 22 январдаги 47-Қ-сонли қарори билан тасдиқланган дастурга киритилган истиқболли инвестиция лойиҳаларини тегишлилиги бўйича ташаббускор ва хорижий ҳамкорларни, шунингдек, лойиҳа қуввати, молиялаштириш манбаси, хизмат кўрсатувчи тижорат банки, амалга ошириш муддати ва яратиладиган иш ўринларини аниқласин;
ҳар бир лойиҳанинг тармоқ жадвалини ишлаб чиққан ҳолда уларнинг амалга оширилиши юзасидан зарурий чоралар белгилаб, ижросини доимий назоратга олсин.
8. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ў.Абдуллаев вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси (Н.Содиқов) билан биргаликда ҳудудларнинг бош режаларини, шунингдек, қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш, аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқиш, ишлаб чиқилаётган шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини яхшилаш, лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар дастурини ўз вақтида амалга оширсин.
9. Вилоят ҳокимининг ўринбосари К.Қурбонов Марказий банк вилоят бош бошқармаси (Қ.Собиров), фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши (Ж.Мамашев), тижорат банклари билан биргаликда мева-сабзавотчилик, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, қуёнчилик, иссиқхоналар ташкил этиш соҳалари бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни ўз вақтида бажариш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларни шахсий томорқаларидан унумли фойдаланиш юзасидан тарғибот тадбирларини олиб борсин.
10. Вилоят ҳокимининг ўринбосари К.Қурбонов вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси (Ш.Сафаров), фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши (Ж.Мамашев), "Агробанк" АТБ вилоят бошқармаси (Б.Бобоназаров), вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (С.Ҳакимов), "Агрокимёҳимоя" АЖ ҳудудий филиали (М.Назаров), "Агросервис МТП" МЧЖ (Р.Ҳайитов) ҳамда туманлар ҳокимлари билан биргаликда пахтадан бўшайдиган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини, энг аввало, озуқа ва мойли экинларни жойлаштириш, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.
Молиявий ресурслар ажратилиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун зарур бўлган ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, кимёвий ҳимоя воситалари ҳамда бошқа ресурслар ва хизматлар ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда етказиб берилиши, тузилган шартномалар шартларига риоя этилиши, шунингдек, ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиниши ва ажратиладиган кредит ресурслари қайтарилиши юзасидан аниқ назорат механизмини амалга оширсин.
11. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев вилоят бандлик бош бошқармаси (А.Усманов), шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари билан биргаликда вилоятнинг 2018 йилда доимий иш жойларини яратиш бўйича тасдиқланган бандлик дастурини белгиланган муддатларда яратилишини таъминлаш ҳамда дастур бажарилишининг ҳар ой якуни билан муҳокамасини ташкил этсин ва вилоят ҳокимига ахборот киритиб борсин.
12. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев вилоят молия бош бошқармаси (Б.Мирзаев), вилоят давлат солиқ бошқармаси (З.Норқўзиев), шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари билан биргаликда вилоятнинг 2018 йилги маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми бўйича шаклланадиган солиқлар ва мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ундирилишини таъминласин.
13. Вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Бобоев инвестициялар бўйича давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси (Ж.Мусаев), шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, вилоятдаги секторлар раҳбарлари билан биргаликда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида ҳар ойда ҳар бир ҳудудга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этиш чораларини кўрсин.
14. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси (Х.Назаров), Ташқи савдо вазирлиги вилоят вакили (Н.Сулаймонов), шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари билан биргаликда 2018 йил учун белгиланган 331 122 миллион АҚШ доллари (шундан, саноат маҳсулотлари 100 806 миллион АҚШ доллари, мева-сабзавот маҳсулотлари 230 316 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги маҳсулотларни экспортга чиқариш учун барча зарурий чораларни кўрсин.
15. Вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Восеев вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси (Д.Нарзиқулов) билан биргаликда икки ой муддатда туризм салоҳияти, яъни маданий мерос объектлари, музейлар, дам олиш ва кўнгилочар масканлари, истироҳат боғлари, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш мажмуалари, йўл бўйи инфратузилмалари, замонавий санитария-гигиена узеллари акс эттирилган вилоят, туманлар ва шаҳарлар паспортини ишлаб чиқсин.
16. Вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Умаров вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси (А.Жўраев), шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари билан биргаликда скрининг марказларини жиҳозлаш, дори-дармон ва тиббиёт учун зарур бўлган воситалар билан таъминлаш, жумладан, ҳар бир туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига скрининг текширувларини ўтказиш учун 18 та юқори технологияли УЗД сканер аппаратларини етказиш чораларини кўрсин.
17. Ушбу қарор вилоятнинг расмий оммавий ахборот воситалари ва веб-сайтларида эълон қилинсин.
18. Мазкур қарор бажарилишини таъминлаш вилоят ҳокимининг соҳалар бўйича ўринбосарлари (Ш.Худойбердиев, Ў.Абдуллаев, К.Қурбонов, А.Умаров, О.Бобоев, М.Восеев, Ш.Қулматов, М.Fафурова), назорат қилиш вилоят ҳокимининг ҳисоботига доир масалани сессияга киритишга масъул этиб белгиланган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Каримов) зиммасига юклансин.

Вилоят Кенгаши сессияси
раиси Б.ШАРОФОВ
2018 йил 12 март