Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқаро анжуманда меҳнат соҳасидаги муаммо ва ечимлар муҳокама қилинди: “Ўзбекистонда меҳнат муносабатларида илдамлаш юз берди”

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари Федерациялари вакиллари иштирокида «Тез ўзгарувчан меҳнат соҳаси: муаммо ва ечимлар» мавзусида миллий конференция бўлиб ўтди.

Халқаро меҳнат ташкилоти ташкил топганлигининг юз йиллиги олдидан ўтказилаётган халқаро конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Б.Маҳмадалиев Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари, шунингдек, мамлакатимизда меҳнат муносабатлари ва қонунчиликда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, муносиб меҳнат шароити яратилиши, мажбурий меҳнатга қарши олиб борилаётган ишлар ҳақида анжуман иштирокчиларига маълумот берди.



- Яқинда жаҳонда меҳнатга муносиб муносабатларни шакллантириб келаётган ташкилотимизнинг тузилганлигига ҳам бир аср тўлади, - дейди ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ) директори ўринбосари Анна Бионди. – Бугунги кунда жаҳонда 200 миллиондан ортиқ одамлар расман ишсиз ҳисобланади. 700 миллион одам эса қашшоқликда кун кечирмоқда. Мажбурий меҳнатга жалб этилиб, номутаносиб равишда ҳақ олаётганлар ҳам оз эмас. Шу ўринда Ўзбекистонда меҳнат муносабатларида илдамлаш юз берди. Бу ерда муносиб ҳаётга асосланган меҳнат тамойили қарор топди. Бу халқаро доираларда кенг эътироф этилмоқда. Мамлакатингизда ХМТ конвенциялари ижросини таъминлашга масъулият билан ёндошилмоқда. Меҳнат соҳасидаги улкан қадамлардан бири деб, мажбурий меҳнатга мутлоқ барҳам берилганлиги, болалар меҳнатига таъқиқ қўйилганлигини баҳолаган бўлардим.

Меҳнат соҳаси истиқболи масалалари бўйича глобал комиссиясининг «Порлоқ келажак учун ишлаш» номли маърузаси муҳокама этилди. Шунингдек, меҳнат соҳасини ривожлантиришда устувор вазифалар, ижтимоий шерикчиликка асосланган келишувлар ва битимлар ижроси, халқаро ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»нинг асосий жиҳатлари ҳам иштирокчиларнинг муҳокама марказида бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 9-10 апрель кунлари Ёшлар марказида Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистон касаба уюшмалари вакиллари иштирокида «Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисидаги уч томонлама декларацияси: касаба уюшмалари учун ҳаракатлар воситаси» мавзусидаги икки кунлик халқаро семинар ҳам ўз ишини бошлайди.

 Дилмурод ТЎХТАЕВ.