Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқимизга ризқ яратиш учун барча имкониятни ишга соламиз

Президентимиз раислигида шу йил 14 апрелда ўтказилган қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бугун амалга ошириш зарур бўлган долзарб юмушлар белгилаб берилди.

Таъкидланганидек, бугун ҳар дақиқа ғанимат, экинларни экишга оз муддат қолди. Бу ишларни ўн кун ичида якунлаш зарур. Шунингдек, ҳозирги пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш асосий вазифа саналади. Чунки пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди. Демак, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш шарт.

Ассоциациямиз Президентимизнинг ушбу топшириқларини оғишмай, ўз вақтида бажаришга қизғин киришди. Тасарруфимиздаги боғлар қатор ораларининг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олиш учун эртаги сабзавот экинларини экишни бошладик. Мақсадимиз, бугунги синовли дамларда биз, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш корхоналари вакилларига берилган ишонч ва масъулиятли  вазифани тўлақонли бажариш ва албатта аҳолининг озиқ-овқат, мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун бор имкониятдан самарали фойдаланишдан иборат. Чунки энди маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга импорт қилинаётган товарлар ўрнини ҳам қоплашимиз лозим.

Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш борасида сенатор сифатида ҳам зарур юмушларни бажаришга киришдим. Туманимиз аҳолиси паррандачиликни ривожлантириш бўйича катта тажрибага эга. Ҳудудимизда паррандачиликка ихтисослашган ўнлаб йирик ва қўшма корхоналар борлиги фикримни тасдиқлайди.

Президентимиз йиғилишда бу йўналишда аҳоли билан кооперацияни ривожлантириш кераклиги, шу асосда хонадонларда парранда боқиш тажрибасини кенг жорий этиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, туманимиздаги олис қишлоқ аҳолисига паррандачилик корхоналарининг уч кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб бериши борасидаги ишларни тизимли равишда ташкил этамиз. Кооперация ташкил этишнинг ҳуқуқий жиҳатларини ишлаб чиқамиз.

Шавкат Жалолов,

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Самарқанд туманидаги “Agromir group” директорлар ассоциацияси кенгаши раиси.