Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Хинада томорқага муносабат ўзгарди

Кўп йиллар турли соҳаларда меҳнат қилиш билан бирга, 14 фарзандини томорқадан даромад топишга ўргатган Тошқувват Ражабов билан суҳбат жараёнида ердан унумли фойдаланиш, кичик иссиқхоналар ташкил этиш ва маҳсулот етиштиришни кўпайтириш борасида тегишли тавсиялар берди. 

– Бир неча йиллар аввал одамларда ерга муносабати тамомила ўзгача эди, – дейди Хумо маҳалла фуқаролар йиғини раиси Камолиддин Шакаров. – 8 сотих томорқасининг ярмига беда, ярмига маккажўхори экиб, ернинг умрини беҳуда ўтказадиганлар ҳам бор эди. Бир нечта оилалар томорқа даромадидан уй-жой қургани, тўй қилгани, машина олганини кўриб, одамлар ер бебаҳо неъмат эканлигини тушунди. Маҳалламиздаги 450 дан ортиқ оиланинг аксарияти томорқа маданиятини англади.

Улар ихтиёрида 130 гектар ер бор, бу йил шунинг 30 гектарига тўқсонбости усулида экинлар экилди, 120 та хонадон иссиқхонада маҳсулот етиштирмоқда.
Хина қишлоғида яшовчи Меҳриддин ака ва Насиба опа маҳалладаги энг илғор томорқачилардан. Улар тасарруфидаги 9 сотих томорқада иккита иссиқхона ташкил этиб, йилига уч мартагача ҳосил оляпти. 
– Экинларни алмашлаб экаман, шунда ҳосилдорлик пасаймайди, – дейди Меҳриддин Тошниёзов. – Бу йил 1,5 сотих майдондаги исмалоқдан 3 миллион сўмга яқин даромад олдик, 2 сотихдаги саримсоқпиёздан эса 1,5 тоннадан ортиқ ҳосил кутяпмиз. Уч йилдан буён иссиқхонада биринчи экинга бодринг экиб, қатор орасида редиска, кўкат етиштираман. Бодринг ҳосили камайганда қатор ораларига помидор экаман, баҳор келиши билан бошқа харидоргир экинлар экамиз, шундай қилиб, ер деярли бўш турмайди. Ўзим фермер хўжалигида ишчиман, турмуш ўртоғим уй бекаси. Томорқа даромадидан 2013 йилда "Дамас" автомобили олдик. Кейинги йиллардаги даромаддан уч қизимизни узатиб, катта ўғлимизни уйлантирдик, уй қилдик, ўтган йилги фойдамиздан "Нексия" автомобили олдик. Бу йил кичик ўғлимизни уйлантиришни ният қилиб турибмиз. 
Томорқамизда 100 тупдан ортиқ мевали дарахт бор, 11 туп узумнинг ўзидан йилига 3 тоннага яқин ҳосил оламиз. Бундан ташқари, томорқа билан чекланиб қолмасдан, қорамол, парранда, қуён боқиш билан   шуғулланамиз.

Қишлоқда Меҳридин ака каби томорқадан унумли фойдаланаётган оилалар талай. Шу қишлоқда яшовчи Жалолиддин Тоғаев 3 сотих ерда рўзғорга керакли маҳсулотлар етиштирарди. Олинган ҳосил пулга ҳисобланганда, 1,5-2 миллион сўмдан ортмасди. Маҳалладошлари каби кредит олиб, иссиқхона қуришга бел боғлади. Маҳалла тавсияси ва суғурта ташкилотлари кафиллиги билан кредит олиш учун ариза топширди. 

Айрим қийинчиликлар туфайли томорқасига етарли эътибор қаратолмаётган оилаларга туманда ташкил этилган "Иштихон томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамияти сифатли уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, томорқачиларга техник хизмат кўрсатиш, етиштирилган маҳсулотни харид қилиш ишларини олиб бормоқда. Томорқасида иссиқхона қуриш истагида бўлган оилаларга Марказий банкнинг қарори асосида имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. 

– Аҳоли бандлигини таъминлаш учун тижорат банклари томонидан тикув машинаси харид қилиш, узумчилик, паррандачилик, асаларичилик, кўчатчилик, иссиқхона қуриш, эчки, қуён, қўй, қорамол боқиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача йиллик 7 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, – дейди "Агробанк" АТБ туман филиали бошқарувчиси Шерзод Ибрагимов. – Жумладан, Хина қишлоғида томорқачиликни ривожлантириш учун ҳозиргача туман тижорат банклари томонидан 96 лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди. Банкимиз томонидан Хина қишлоғида чорвачилик, асаларичилик, мевали дарахтлар харид қилиш ва иссиқхоналар қуриш учун 66 та лойиҳани амалга оширяпмиз. Мутахассислар ҳар бир хонадонга кириб, 1 сотих майдонда иссиқхона қуриш харажати, уруғ экиш, парваришлаш, маҳсулот етиштириш, сотиш, даромад олиш жараёнлари ва икки маротаба ҳосил етиштириш билан қилинган харажат бутунлай қопланишини ҳисоблаб бермоқда. Натижада қишлоқдаги 184 хонадоннинг 170 тасида 1 сотихли ихчам иссиқхоналар ташкил этилди. 
– Микрокредитлар сектор раҳбари, туман хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла раиси тавсияси асосида берилмоқда, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин қизлар қўмитаси раиси Саодат Назарова. – Бу эса, аввало, аёлларни иш билан таъминлашда қўл келмоқда. Биргина Хина қишлоғида яшовчи 1200 нафар аҳолининг 665 нафари хотин-қизлардан иборат. Уларнинг 100 дан ортиғига томорқа хўжалигини юритиш учун микрокредитлар олиш учун тавсия берилди. Хина "Обод қишлоқ" дастурига киритилиб, жорий йил қишлоқда мактабгача таълим муассасаси ва бир қатор бошқа объектлар қурилиши ҳам режалаштирилган.

Яратилаётган шароит ва имкониятларга қарамай, қишлоқда ҳамон томорқадан фойдаланмаётган хонадонлар ҳам йўқ эмас. Бундай оилаларнинг аксарияти ердан унумли фойдаланишни билмаса, қолганлари томорқа даромадини яхши тушунмаганлиги учун ерга бефарқ муносабатда. Томорқасига экин экмаган ёки тўғри фойдаланмаган оилаларга тажрибали томорқачилар бириктирилса, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллар уларга тўғри йўналиш берса, томорқадан фойдаланиш маданияти янада юксалади. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото),
«Зарафшон» мухбирлари.