Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хитой фуқароси икки талончи йигитга дуч келди

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Хитой фуқаросига нисбатан содир этилган талончиликда гумонланувчи шахсларни қўлга олишди.

Маълум бўлишича, 3 август куни Яккасарой тумани ички ишлар органларига 24 ёшли ХХР фуқароси Я.Д. мурожаат қилган. У ўз мурожаатида, соат тахминан 22.40 да ўзининг «Ласетти» автомобилида бўлганида унинг машинасига икки нотаниш киши минган. Ғаразгўйлар уни саволлар билан чалғитиб, салондан ичида паспорт, сўм ва АҚШ долларида пуллар, банк карталари бўлган сумкани ўғирлаб кетишган.

Кўрилган чоралар натижасида Боғтепа кўчасида дарахт остида сумка, паспорт ва карталар топилди. Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166 моддаси («Талончилик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тезкор-қидирув тадбирлари натижаларига кўра, шунингдек ташқи видеокузатув камералари ёзуви ўрганилгач, Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари талончиликда гумонланувчи шахсларни аниқлаб – 25 ёшли Азизхон М. ва 23 ёшли Мирзофил С.ларни қўлга олишди.

Тергов давомида ўғирланган нарсаларнинг бир қисми жабрланувчига қайтарилди. Тергов давом этмоқда, деб хабар берди Тошкент ИИББ матбуот хизмати.