Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хитой ҳукумати Гонконгда баҳсларга сабаб бўлаётган қонун лойиҳасини қабул қилмоқчи

Умумхитой халқ вакиллари кенгаши (УХВК) Гонконгда миллий хавфсизлик қонуни ишлаб чиқилиши тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги маълум қилди.

Ҳужжатга кўра, кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган қонун лойиҳаси Гонконг парламентининг иштирокисиз, УХВКнинг доимий қўмитаси томонидан ишлаб чиқилади ва Гонконгнинг Асосий қонуни таркибига киритилади. Бу ҳодиса тахминан 2020 йилнинг август ойида амалга оширилиши кутилмоқда.

Шу тариқа Хитой ҳукумати мазкур лойиҳага нисбатан АҚШ томонидан билдирилган таҳдид билан ҳисоблашмаслигини намойиш этмоқда. Бир неча кун илгари қонун лойиҳасига қарши чиққан АҚШ Президенти Хитойга “жиддий” жавоб қайтарилиши ҳақида айтган эди.

27 май куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео, Гонконг Хитой олдидаги ўз автоном статусини йўқотганлиги тўғрисида Конгрессда нутқ сўзлади. Унинг фикрига кўра, Пекин томонида жорий этилаётган янги қонун Хитой ва Буюк Британия ўртасида 1997 йилда тузилган декларация қоидаларига зид қабул қилинмоқда. Ҳужжатга биноан Гонконг 50 йил давомида кенг кўламли автоном эркинликда қолиши зарур.