Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хитой ускунаси+Туркия хомашёси=Ургут маҳсулоти ёки қоғоздан амалга ўтган иш ўринлари ҳақида

Ушбу корхоналарда тикилиб, сотувга қўйилаётган эркаклар кўйлагини кўриб, бозору дўконлардаги сотувчиларнинг Хитой ёки бошқа давлатлардан келтирилган дея сотилаётган кўйлаклар асли Ургутда тикилса керагов, деган хаёлда қолдик. Сифат, ёрлиқ, дизайн ҳаммаси сизда шундай таассурот қолдиради.

Аслида Ургут туманига хотин-қизлар бандлиги, уларга яратилаётган иш ўринлари бўйича мақола тайёрлаш учун боргандим. Тўғрисини айтиш керак, бундан бирмунча муддат олдин бу масалада мақола ёзишда анча қийинчиликка дуч келардик. Шунча иш ўрни яратганмиз, деб айтилган корхонага борсак, 4-5 ишчини кўрар, "электр энергияси йўқлиги туфайли ишга чиқмаган, свет ёнганда чақирамиз", деган тадбиркорлар албатта, биринчи навбатда муаммоларига тўхталиб ўтарди. Бу сафар тумандаги бир нечта корхоналарга огоҳлантирмай бордик. Айтилганидан ҳам зиёд ишчилар ўз ўрнида, ўз иш кийимида, қизғин меҳнат жараёнида.

БЕПУЛ ТУШЛИК, ТРАНСПОРТ ХИЗМАТИ

"СамТуркТекстил" оилавий корхонаси иш бошлаганига эндигина икки ой бўлибди. 25 та тикув машинаси ва бошқа ускуналар Хитойдан келтирилган, 25 нафар хотин-қиз ва ёшлар иш билан таъминланган. Кунига 240, бир ойда эса беш мингта эркаклар кўйлаги ишлаб чиқаради. Нафақат маҳаллий бозор, балки қўшни республикаларга ҳам маҳсулот сотуви йўлга қўйилган. Икки ой ичида шундай қувват билан иш юритилишига кўпчилик тадбиркорлар ҳавас қилса ажабмас.

- Эркаклар кўйлагини тикиш билан шуғулланувчи корхона очиш тўсатдан хаёлимизга келгани йўқ, - дейди корхона раҳбари Анвар Ғаффоров. - Ўн йиллардан бери айнан шу маҳсулот сотуви билан шуғулланиб, Хитой, Туркиядан эркаклар кўйлагини келтирардим. Қайси кўйлак қанча миқдорда сотилиши, яъни бозор маркетингидан хабарим бор эди. Кейинроқ Туркияда ишлаб чиқарилган кўйлаклар каби маҳсулот тикишни Хитой тадбиркорларига буюрт­ма бериб, ушбу давлатдаги ишлаб чиқариш билан яқиндан танишдик.



Пухта ўйланган ҳисоб-китоблардан сўнг худди шундай кўйлакларни ўзимизда ишлаб чиқариш ҳаракатига тушдим. Бор сармоямни шу ишга тикдим. Хитойдан ускуналарни, Туркиядан хомашё келтириб, ишни йўлга қўйдик. Ишимиз хом бўлмасин, дея гарчи мутахассислар бўлса-да, Туркия ҳамда шу иш билан узоқ йиллардан бери шуғулланган наманганлик мутахассисларни чақириб, керакли тавсияларни олдик.

Ёш тадбиркорнинг рафиқаси Зулайҳо Ҳамдамова ҳамда 24 нафар хотин-қизларга ойлик маошдан таш­қари йўл пули ҳамда бепул тушлик ташкил қилинган экан.

ИШЧИЛАР СОНИНИ КЎПАЙТИРИШ ФОЙДАЛИРОҚ БЎЛДИ

"Ургут саноат сервис" корхонасида хотин-қизлар учун худди шундай шарт-шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдик.

- Ишлаётганимдан бери ўзимга ишончим ортган, атрофдагиларнинг ҳурматиниям сезаман, - дейди ушбу корхонага Жартепа маҳалласидан қатнайдиган Турсуной Раҳматова. - Коллежни тикувчилик йўналиши бўйича тугатганман. Аммо орада бир йил ишламадим. Бир куни газетада тикувчилик корхонасида иш борлиги ҳақидаги эълонни ўқиб, шу ерга келдим, қабул қилишди. Тўғри, туман марказидан сал олисда яшайман, аммо ходимлар учун транспорт ташкил қилинган.

- Корхонамизни 2017 йил 4 нафар ишчи билан ташкил қилгандик, - дейди Мажидхон Исломов. - Ҳозир уларнинг сони 25 нафарга етди. Шу йилнинг ўзида 11 нафар хотин-қизни ишга олдик. Солиқ ставкаларининг камайтирилгани иш ўрнини яширмасдан, қонуний ташкил этишимизга сабаб бўлди. Энди уларнинг сонини камайтириб кўрсатишдан кўра ошириш биз учун фойдалироқ. Айниқса, электр энергияси билан боғлиқ муаммоларнинг барҳам топгани тадбиркорлар ўз ишини тўла қувват билан юритишида муҳим омил бўлди.

Шу корхонада икки йилдан бери ишлаётган Гулнора Ҳамдамова иш бошлагандан бери соғлиги анча яхшиланганини айтса, эндигина иш бошлаган опа билан суҳбатлашганимизда турмуши бўлмагач, анча қийналганини, фарзандлари улғайиб қолаётгани, ишга жойлашгани унинг ҳаётида ўзгариш ясашидан умидвор эканини айтди.

Айтиш керакки, ушбу корхоналарда ишлаётган хотин-қизларнинг аксарияти ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш улар учун нафақат моддий, балки руҳий, маиший қийинчиликларини енгиб ўтишига ёрдам берувчи маскан эканлигини билдик.

САНОАТ УСУЛИДАГИ ТЎНЛАР

Табиийки, улар қўлда тикилган тўнларга тенг келмас, аммо ихчамлиги, тикилиши улардан катта фарқ қилмайди, нархи эса ҳамёнбоплиги билан ажралиб турар экан. Умуман, тўнни саноат усулида ишлаб чиқаришни фақат ургутликлар уддалаган бўлса ажабмас.

- Бу ғояни анча йиллардан бери ўйлаганмиз, - дейди "Ургут Ҳаракат" МЧЖ раҳбари Садриддин Асроров. - Хитойдан савдо учун турли маҳсулотлар келтирардик. Пальтобоп, тайёр қавилган матоларни кўргач, шу усулда тўн тикишни йўлга қўйсак-чи, деб ўйладик. Ургут тўндўзлари, тўнлари билан машҳур бўлгани учун ушбу либосларнинг бозорда савдоси чаққонлигидан хабаримиз бор. Барчасини ўйлаб, Хитойдан шундай ускуналарни келтиришга жазм этдик. Жой масаласида муаммо йўқ эди, ускуналарни дарҳол жойлаштириб, 2014 йилда ишимизни бошлаб юбордик. 4 та ишчи билан иш бошлаган корхонада ҳозирда 32 нафар ходим меҳнат қилади, уларнинг 28 нафари хотин-қизлар.

Дарвоқе, ушбу корхонада ҳам ходимларга бепул тушлик берилиб, транспорт харажатлари тўланар экан. Бир ойда беш мингга яқин тўн юртимиз ва Тожикистон бозорларига чиқарилади. Тадбирлиликни кўрингки, тўн ичига солинадиган ватин ҳам шу ҳудуддаги корхонада, мато қолдиқларидан тайёрланар экан. Тўнга кетадиган хомашёнинг 15 фоизигина хориждан, яъни Хитойдан келтирилади.

- Шу ерда амалиётимни ўтаб, кўп нарсани ўргандим, - дейди Ургут қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида таҳсил оладиган Ўғилой Эсанова. - Корхонада амалиётим давомида нафақат тикиш сирлари, балки ишни ташкил қилишни ҳам ўзлаштираяпман. Келаси йили ўқишни тугатгач, ўзим ҳам тикув цехи ташкил қилиш ниятим бор.

Тадбиркорлар билан суҳбатлашарканмиз, улар "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" белгиси бугун харидорларни чўчитмаётганлигини айтишса-да, ўзлари уни ёрлиқда ёзишга эътиборсизлик қилаётганини кузатдик. 16 ёшидан бери тадбиркорлик қилаётган баъзи корхона эгалари эса вақтида ўқишга эътибор бермагани, хусусан, тил ўрганмаганидан афсусланаётганини билдиришди. "Агар тил билганимизда ҳозир ишимиз кўламини бундан 2-3 баравар кўпайтирардик", дея тан олди 30 ёшли тадбиркор.


Муаммоларини таҳлил қила оладиган, ютуғи омилини машҳур Ургут бозорида деб биладиган бу тадбиркорлар ҳақ албатта. Харидорнинг талаби, маркетингни яхши ўзлаштирган тадбиркоргина фаолиятида муваффақият қозонади. Бундай корхона эгаси яратган иш ўрни ҳам қоғозда эмас, амалда бўлади.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

"Зарафшон" мухбири.