Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хитойда Самарқанд вилоятининг инвестицион жозибадорлиги тақдимоти ўтказилди

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бошчилигида Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрган самарқандлик тадбиркор ва мутасадди раҳбарлар иборат делегация Хэнан провинциясида иш бошлаган XIII савдо ва инвестициялар Халқаро Хитой ярмаркасида Самарқанднинг савдо ва инвестицион салоҳиятини намойиш этди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Дунёнинг 150 га яқин давлати вакиллари қатнашаётган ярмаркада самарқандлик ишбилармонлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиши билан бир қаторда тадбиркорлик учун яратилган шарт-шароитлар, вилоятнинг иқтисодий ва инвестицион салоҳияти ҳақида кўргазмали воситалар асосида маълумот берилди. Хорижий давлатлардан келган тадбиркорлар билан музокаралар олиб борилди.

Courtyard Hotelда Хэнан провинциясининг 150 га яқин маҳаллий тадбиркорлари иштирокидаги бизнес-форумда ҳам вилоятимиз вакиллари ўз инвестицион лойиҳалари ҳақида маълумот бериб, икки ва кўп томонлама манфаатли ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди. Хитойлик тадбиркорлар билан бир қатор меморандум ва шартномалар имзоланди.

Самарқанд вилояти делегациясининг Хитой Халқ Республикасидаги ташрифи давом этмоқда.