Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хитойга келин бўлган ўнлаб Ўзбекистон фуқаролари қийин аҳволда

Хитойда яшаётган ва эркинлиги турмуш ўртоғи томонидан чекланган Ўзбекистон фуқароси Шодиёна Давлатова билан боғлиқ вазият мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги элчихонасининг консуллик бўлими томонидан назоратга олинган. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментига таяниб azon.uz хабар бераяпти.

Ушбу ҳамюртимиз ўтган йили апрель ойида Андижон шаҳрида Хитой фуқароси билан қонуний никоҳдан ўтган ҳамда доимий яшаш учун ХХРга учиб кетган. Тез орада ички оилавий низолар туфайли элчихона кўмагида ватанга қайтган. Лекин кейинроқ ўз хоҳишига кўра яна турмуш ўртоғининг ёнига жўнаб кетган. 31 март куни Ш.Давлатова элчихонага қайта мурожаат қилган ва яшаш шароитлари ва турмуш ўртоғи томонидан зулм қилинаётгани тўғрисида шикоят қилган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш истагини маълум қилган.

Оилавий келишмовчиликлар ва турмуш ўртоғи томонидан берилган ваъдаларнинг бажарилмаслиги туфайли шундай илтимос билан Ўзбекистон фуқароси М.Т. ҳам элчихонага мурожаат қилган. М.Т. воситачи фирма орқали хорижлик билан танишган ва ўтган йилнинг декабрь ойида никоҳни расмийлаштириб Хитойга кетган.

Шу муносабат билан элчихона Хитойнинг тегишли ҳукумат органлари билан биргаликда мазкур ҳамюртларимизни Тошкентга қайтишига ёрдам бериш бўйича тегишли чораларни кўрмоқда.

Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси маълумотларига кўра, айни пайтда Хитой Халқ Республикасида худди шундай ҳолатга тушган ўнлаб фуқароларимиз мавжуд. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси томонидан уларнинг шахсини аниқлаш ва консуллик ёрдами кўрсатиш бўйича тегишли ишлар ташкиллаштирилган.