Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хонадонлардаги олти мингдан ортиқ муаммо ҳал этилмаган

Бугун ҳар бир туман ва шаҳарда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, сектор штаблари аъзолари уйма-уй юриб, хонадонларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўраётир.

Яқинда вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда туман ва шаҳар секторларида уйма-уй юриш орқали ўрганилган муммолар муҳокама этилди. Йиғилишда билдирилган таҳлилий маълумотларга қараганда, вилоят бўйича ўрганилган хонадонларда 24 мингдан зиёд муаммо аниқланиб, уларнинг 6309 таси (26 фоизи) ҳал этилмаган.

Ечими топилмаган муаммолар бўйича вилоятдан паст кўрсаткич Пахтачи тумани (40 фоиз), Самарқанд шаҳри (38 фоиз), Нуробод (32 фоиз), Булунғур (30 фоиз), Жомбой (28 фоиз), Паст Дарғом (27 фоиз) туманларида қайд этилди.

Нисбатан яхши натижа Оқдарё ва Пайариқ туманлари ҳиссасига тўғри келиб, аҳоли томонидан билдирилган камчиликларнинг 86 фоизига туманларнинг ўзида жавоб ҳамда ечим топилган.

Вилоят миқёсида олиб қаралганда, фуқаролар билдирган муаммоларнинг аксарияти, жумладан, 6733 таси суюлтирилган газ баллонларига эҳтиёжманд, 3632 таси бандликни таъминлаш, 3122 таси соғлиқни сақлаш, 2041 таси уй-жойга муҳтожлик масалалари билан боғлиқ.

Секторлар кесимида ўрганилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, уйма-уй юриб аниқланган муаммоларнинг ҳал этилмаганлиги кўрсаткичи ички ишлар тизими сектори штабларига тўғри келмоқда. Яъни, 3-сектор штаби вакиллари вилоят бўйича 1627 та, ҳокимлар (1-сектор) штаби 1582 та, прокуратура тизими (2-сектор) 1571 та, солиқ идоралари раҳбарлари (4-сектор) штаби эса 1529 та муаммонинг ечимини топиши зарур.

Юқорида таъкидланган камчиликларни инобатга олиб, вилоят ҳокимлиги сектор штаблари фаолиятидаги нуқсонлар, уйма-уй юриш жараёнида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чораларни қўллашга киришди. Апрелнинг иккинчи ярмидан эътиборан вилоят секторлар штаби аъзолари таркибида ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан жойларда аниқланган муаммоларнинг ҳаққонийлиги ва ечимлари ўрганилади.