Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Хўп бўлади, хўжайин, бажарамиз”, дейиш билан иш битмайди

Инсон танасидаги ҳар бир аъзо унинг учун жуда қадрли. Бу ёруғ оламда ҳаёт бўла туриб, аъзоларингиздан бирортасидан айрилишдан даҳшатлироқ кўргилик йўқ. Аммо қанчалар азиз бўлмасин, шу аъзолардан бири ўз фаолиятини йўқотиб, организм зарарига ишласа, танага зарар етказа бошласа, ушбу аъзодан воз кечишдан ўзга чора йўқ...

Ишига масъулият билан ёндашаётган жонкуяр инсонлар даврасида раҳбарлар ишончини суиистеъмол қилаётган кимсалар ҳар доим, ҳар ерда топилади. “Хўп бўлади, хўжайин, бажарамиз”, дея минг бор ваъда бериб, онтини бузаётган масъулиятсиз ходимлар “Ватандошларим кўзига қандай қарайман?”, деб эмас, ўтирган курсисидан, эгаллаб турган лавозимидан айрилиб қолишдан қўрқиб яшайдиган раҳбарлар инсон ҳаётига хавф солувчи хаста аъзодан кўра, минг марта зарарлироқ.

Бундайлар халқнинг эмас, ўзидан юқори тоифаларнинг кўзига яхши кўриниш учун яшайди. Ундайлар кўнглида Ватанга муҳаббат туйғуси йўқлиги, шубҳасиз. Бисотида кибр-ҳаво ва юрт ҳақидаги тўртта ёдланма гапидан бошқа нарсаси йўқлиги, маънавияти ва илм даражасининг қанчалар қашшоқлиги уларнинг ҳақиқий башарасини фош этади. Баъзи тадбир ёки анжуманларда мутасадди ходимларнинг ўз билим ва тажрибалари, амалга оширган ишларини эмас, фақат қилиниши керак бўлган ишлар ҳақидаги қуруқ ҳисоботларини тинглашга мажбур бўладиган ҳолатлар учрамоқда.

“Қилиниши керак”, “бажарамиз” эмас, “бажарилди”, деб ишонч билан гапирадиганлар оз. Фақат буюрилган топшириқни уддалаб, халқдан “солиқ” йиғиш билан иш битмайди. Янги таклиф ва ғоялар, бирдамлик, жонкуярлик, виждон зарур бўлган бир пайтда шахсий манфаатларидан бошқа нарсани ўйламайдиган “мутахассис”дан воз кечиш вақти келмадими? “Вазият оғир, топшириқлар кўп”, дея, бир иш қилмасдан, кечки соат 23:00 гача хонаси чироғини ёндириб қўйиб, раҳбарининг уйига кетишини “интизор” кутадиган кадрлар йўқ дейсизми. Ўша ходим хизмат компьютерида кино кўриб ўтириши мумкин. Лекин раҳбар тин олмай ишлайди, халқ манфаати йўлида жон куйдиради.

Нима учун туманлардаги мавжуд муаммоларни фақат ҳоким ҳал қилиши керак? Нега йиллар мобайнида тўпланиб қолган масалалар вилоятнинг биринчи раҳбари ташрифи ёки қабулидан кейин ўн-беш кунда ёки жойида ҳал бўляпти? Бутун бошли вилоятдаги барча туман ва ташкилот раҳбарлари амалга оширолмаган ишларни бажариш, уларнинг вазифаларини амалга ошириш бир кишига оғирлик қилмайдими? Аслида вилоят иқтисодиёти, шарафини юксалтириш йўлида ҳар қандай ташаббускорга мустаҳкам қанот бўлишимиз керак эмасми?!

...Инсоннинг келгуси ҳаётига хавф солаётган аъзодан воз кечишга мажбур бўлингани каби халқ ишончини суиистеъмол қилаётган лаганбардор ходим, одамлар мулкига кўз олайтираётган “хизматчилар”дан ҳам халос бўлиш керак, назаримда.

Бу тупроқ, бу Ватан неча асрлардан буён мавжуд. Кимларнингдир сохта фидойилиги ёки қаҳрамонлигига муҳтож ҳам эмас. Унинг шаънига доғ туширмай яшасак бас. Шунинг ўзи катта бахт.

Алишер АЛИҚУЛОВ.