Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хоразмдан мактуб: Хиваликлар ўз шоирини ёд этишди

Аваз Ўтар ижодий мероси, бадиият гулшанининг сара дурдоналари билан таниш бўлмаган китобхон кам бўлса керак. Кескир тили, гўзал услуби, маърифатпарварлик ғоялари билан сайқалланган шоир фикрати асрлар ошса -да шеърият мухлисларининг, адабиёт аҳлининг севимли мутолаа манбаидир.

Аваз Ўтар 1884 йил августда Хива шаҳрида таваллуд топган. Шоир таваллуди муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими, Огаҳий ижод мактаби ва вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида "Маърифатпарвар шоирни ёдлаб" хотира тадбири ташкил этилди.

Отабек Исмоилов, Шоира Шамс, Беги Дўст, Мадина Матёқубова каби шоир ва адабиётшунослар ҳамда шеърият ихлосмандлари кўҳна ва мафтункор Хива бағридаги шоир ҳайкали қошида жам бўлдилар. Шоир хотираси ёдланиб, ҳайкал пойига гуллар қўйилди.

Адабиётшунос Мадина Матёқубова Аваз Ўтар ижодий меросининг бадиий ва илмий талқинлари, тадқиқотлар ва адабиётимиз учун нечоғлик муҳим аҳамияти ҳақида сўзлади. Отабек Исмоилов Аваз шеъриятининг бадиий ғоялари, илм -маърифат тарғиботи ўчоғи сифатида хизмат қилишини таъкидлади. Беги Дўст ва Шоира Шамс Аваз Ўтар истеъдодининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикр билдирди, ғазалларидан ўқиди.