Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хорижга чиқиш паспортини олишда муаммолар бўлмайди

"1996 йилдан буён турмуш ўртоғимнинг паспорти йўқ. 2017 йилда Самарқанд туманидаги паспорт столига мурожаат қилдим. "Самарқанд шаҳрига мурожаат қилинглар", дейишди. Шаҳарда эса "Самарқанд туманидан оласизлар", дейишди. Икки йилдан буён сарсонмиз. Бизга ким ёрдам беради?"

"…Болалар учун мўлжалланган  киндер  паспорт олиш тўлови қанча туради? Яқинда фарзандимга киндер паспорт олдим ва 300 минг сўм атрофида маблағ сарфладим. Давлатга тўловлардан ташқари турли хил қўшимча расмиятчиликлари бор экан. Бундай ҳолатлар қачон назоратга олинади?"

Паспорт билан боғлиқ шунга ўхшаш қирққа яқин савол Самарқанд телевидениеси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган "Очиқ мулоқот" кўрсатувига келиб тушди. "Очиқ мулоқот"нинг бу галги иштирокчилари – вилоят ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Даврон Норчаев ҳамда мазкур хизматнинг туман, шаҳарлардаги масъуллари бўлди.

Кўрсатувда таъкидландики, жорий йилнинг 7 январидан буён бошқармага 12 мингдан зиёд фуқародан хорижга чиқиш паспорти олиш учун ариза келиб тушган. Айни пайтгача 8 мингга яқин паспорт тайёрланиб, ўз эгаларига тарқатилган. Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришда шаффофликни таъминлаш мақсадида барча шароит яратилган. Хусусан, учта ускуна бинонинг энг йирик залига ўрнатилган. Бунда фуқаролар расмийлаштириш жараёнларини кўриб, кузатиб туришади. Паспорт олишга талабгорларнинг кўплиги боис фуқароларнинг навбатда туриб қолаётгани ҳам ҳақиқат. Буни инобатга олиб, Тойлоқ туманида ҳам битта ускуна ўрнатиб, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштирувчи пункт ташкил этилди. 31 январдан бошлаб ушбу пунктдан Тойлоқ, Ургут ва Самар­қанд туманлари аҳолиси фойдаланмоқда. Айни кунларда ушбу бўлимга кунига 150 тагача мурожаат бўлмоқда. Йилнинг иккинчи ярмидан эътиборан барча туман ва шаҳарлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида биттадан шундай ускуналарни ўрнатиш режалаштирилган.

Хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 120 фоизини ташкил этади. Яъни, 2019 йил 1 январь ҳолатига 243 276 сўм. Фақатгина 16 ёшга етмаганлар ушбу сумманинг 80 фоизини, яъни 162 184 сўм, Ўзбекистонда яшовчи, аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар эса ёшидан қатъий назар энг кам иш ҳақининг 100 фоизини (202 730 сўм) тўлашлари лозим. Хорижга чиқиш паспортини олиш учун давлат божининг қиймати юқорилиги унинг узоқ муддатга берилиши билан изоҳланган.

Навбатнинг кўплиги, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида мурожаатчилар учун етарли шароитнинг йўқлигига изоҳ берилди, яқин ойларда бу борада ўзгаришлар бўлиши таъкидланди. Шунингдек, хорижга чиқиш учун фуқаро томонидан анкета сўровларини тўлдиришда айрим шахслар қўйиб олган нарх мезонлари, паспорт олишда муаммоларга дуч келаётган фуқароларнинг саволларига аниқ жавоб берилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.