Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хотини йўқолиб қолгани ҳақида ариза қилган эркак уни ўлдириб, кўмиб ташлагани аниқланди

Жиззах шаҳри, Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи, 1966 йилда туғилган фуқаро жорий йил 20 май куни ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилганди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳининг билдиришича, Т.Ш ўз аризасида шу йил 1 май куни Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Шота Руставелли кўчасидаги уйлардан бирида доимий рўйхатда турган, 1965 йил туғилган турмуш ўртоғи С.М уйидан пойтахтга бораман деб чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармасининг олиб борган тезкор қидирув-суриштирув ишлари давомида жиноят аломатлари топилди. Жиззах шаҳри, Наврўз маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган Т.Б. ўз кўрсатмасида акаси Т.Ш. турмуш ўртоғи С.М.ни ўлдирганлиги, аёлнинг жасади Амир Темур маҳалласи ҳудудидаги ер майдонига кўмилганлигини маълум қилди.

Айтилган жой холислар иштирокида кўздан кечирилганда аёл жинсига мансуб жасад топилди. Текширувларга кўра, марҳуманинг ўлимига «Тўмтоқ жисм билан етказилган бош мия ёпиқ жароҳати» сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш очилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.