Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хусусий бандлик агентлиги Польшага ишга юборади

Президентимиз томонидан 2018 йил 16 октябрда имзоланган «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонунга асосан, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича давлат монополияси тугатилиб, бу соҳада хусусий ташкилотлар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги янги ташкил этилган хусусий бандлик агентликларини рўйхатга олиш ва фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш учун лицензия бериш амалиётини йўлга қўйди. Ушбу тизим асосида бугунги кунгача вилоятимиздаги 2 та хусусий бандлик агентлигига худди шундай лицензиялар берилди.

- Фуқароларни хорижда ишлашга юбориш ваколати шу пайтгача фақат Республика Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида бор эди, - дейди агентликнинг вилоят филиали директори Абдуазиз Ҳафизов. - Эндиликда бу амалиёт билан лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари ҳам шуғулланиши мумкин. Жумладан, “Status 777” МЧЖ ҳамда “Amilee Bahora” МЧЖ хусусий бандлик агентликлари лицензияга эга бўлган бўлса, яна тўрт тадбиркор бу иш билан шуғулланиш истагини билдириб, ўз ҳужжатларини топширган.

- Аҳолини иш билан таъминлашда хусусий агентликларга катта ишонч билдирилгани айни муддао бўлди, - дейди “Status 777” МЧЖ директори ўринбосари Ҳабиба Маҳкамова. – Энди нафақат ўзимизда, балки хорижда иш тополмай сарсон бўлиб юрган юртдошларимизнинг ҳам бандлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқчимиз. Шу кунларда япониялик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида ушбу давлатга боришга тайёргарлик кўраяпмиз. Шунингдек, Польшадаги бир қатор саноат, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳам келишувлар олиб бораяпмиз. 

Ҳозирда Япония, Польша, Жанубий Корея ва бошқа қатор ривожланган давлатларда ишлаш истагини билдирган фуқароларимиз мазкур хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилишмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.