Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хусусий тиббий клиникалар талабга жавоб берадими?

Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан, тиббиётда хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш ҳамда уларда аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Хориждан инвестиция ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда вилоятимиз тадбиркорлари томонидан 400 дан ортиқ нодавлат тиббий муассасалар ташкил этилиб, уларнинг 76 таси стационар, 336 таси эса амбулатор шароитида аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Улар томонидан жаҳон стандартлари талабига жавоб берадиган 500 га яқин замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди.

Юқори малакали мутахассис-шифокорлар меҳнат қилаётган мазкур тиббиёт муассасаларида 11 та компьютерли томография, 6 та магнитли-резонансли томография, 12 та рақамли рентгенография, 146 та стоматологик  асбоб-ускуна, шунингдек, 112 та электрокардиограмма,  67 та яримавтомат анализатор, 47  та ИФА, 68 та УЗИ, 17 та ЭГГ, 16 та ЭхоЭГ, 7 та аудиометрия, 268 та физиотерапевтик аппаратлар, 12 та офтальмологик микроскоп, 1 та косметологик ускуна жамламаси ҳамда 3 та реанимобил типидаги тез тиббий ёрдам автомашинаси каби юқори технологияли диагностика ва даволаш асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Президент фармонига асосан 2022 йил 1 январгача хусусий тиббиёт муассасаларини (стоматология ва косметологиядан ташқари) барча турдаги солиқлардан ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинган. Бу маблағлар эса хусусий тиббиёт муассасаларни моддий-техник базасини ривожлантириш, жумладан, тиббий жиҳоз ва ускуналар, эҳтиёт қисм ва бошқа тиббий маҳсулотлар сотиб олиш учун сарфланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари тадбиркорлар олдига аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш қўйилган.

Қишлоқ жойларда ташкил этилган янги микрофирма ва кичик корхоналар рўйхатга олингандан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилади. Тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган тиббий асбоб-ускуналар божхона тўловларидан озод этилган. Тижорат банкларига хусусий тиббиёт корхоналарига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилади. Аҳолига хусусий муассасаларнинг хизматларидан фойдаланиш учун истеъмол кредитлари тақдим этиш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, тиббий суғурта тизимини кенг жорий этган ҳолда, аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатли бепул тиббий ёрдами билан бирга сифатли ва арзон маслаҳат-ташхис, даволаш, соғломлаштириш ва бошқа турдаги тиббий хизматлардан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган пулли тиббий хизматлар кўрсатиш имкониятлари берилди.

Яратилаётган шунча имкониятларга қарамасдан айрим жисмоний ва юридик шахслар тиббий фаолият  учун лицензия олмасдан ишлаётганлиги ҳолатлари кузатилмоқда. Жумладан, яқинда мутахассисларимиз томонидан ўтказилган мониторингда Ургут туманидаги «Акрамов Фирдас бизнес» МЧЖда тегишли рухсатнома (лицензия) олмасдан стоматология йўналиши бўйича аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётганлиги маълум бўлди. Натижада хусусий корхона фаолиятига чек қўйилиб, унинг раҳбари ва ходимларига ноқонуний ишлаш ёмон оқибатларга олиб келиши, аҳолига сифатсиз тиббий хизмат кўрсатилиши туфайли айрим хавфли, юқумли касалликлар тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди. Уларга қонуний фаолият кўрсатишлари учун лицензия олишда яқиндан ёрдам кўрсатиш ҳам кўрсатиб ўтилди.

Айрим юртдошларимиз хусусий тиббиёт муассасаларига борганида, уларнинг олиб бораётган тиббий фаолият турига махсус рухсатномаларини талаб қилишга ҳаққи борлигини эслатиб ўтмоқчимиз.

Олимжон ХЎЖАМОВ, 

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси

лицензиялаш ва аккредитациялаш

сектори бош мутахассиси.