Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ялангтўш Баҳодир ҳақида тадқиқот ишларини кенг йўлга қўйишимиз, улуғ аждодимизни халққа танитишимиз керак

Шу йилнинг 20 июнь куни Самарқанд шаҳрида XVII аср ўзбек давлатчилигининг ёрқин сиймоси, Аштархонийлар давлатининг моҳир саркардаси, Самарқанд шаҳар ҳокими, Регистон мажмуаси ижодкори Ялангтўш Баҳодирнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрнига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Хўш, ушбу нуфузли анжуман нима берди?

Аввало, шуни айтиш лозимки, конференция қатнашчилари баҳоли қудрат янги маълумотлар айтишга, жонли суҳбат қуришга ҳаракат қилди. Бироқ Ялангтўш Баҳодир ҳақида маълумотларнинг жуда камлиги, дарсликлардаги унга бағишланган хабарларнинг чалалиги, ҳукмдор ҳаёти, фаолияти, шахсияти, тарихда тутган ўрни ҳақидаги анжуман Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилаётганлиги, бу мавзуда на тадқиқот, на бирор тарихий-бадиий асар яратилганлиги маърузалар сифатига қилди.

Гоҳида маърузачилар шайбонийлар даври маданияти ёки мадрасалар тарихи, аштархонийлар сулоласининг Бухоро хонлигида тутган ўрни ва мавқеи, тарихий манба ва матншуносликдаги муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиб, Ялангтўш Баҳодир ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақидаги фундаментал фикрларга эътибор бермадилар. Юқорида келтирганимиздек, манба ва маълумотларнинг йўқлиги сабаб маърузаларда бундай оғишлар юз бериши, қайсидир маънода кутилган ҳолат эди.

Эндиги вазифалар нималардан иборат?

Халқаро конференция давомида айтилган фикр-мулоҳазаларни инобатга оладиган бўлсак, улуғ аждодимиз Ялангтўш Баҳодирни нафақат оддий одамлар, балки айрим мутахассислар ҳам яхши билмаслиги кундай равшан бўлди. Чала-чулпа маълумотлар билан кемтик тарихни тиклаб, унга холис баҳо бериб бўлмайди. Шунинг учун дастлаб Ялангтўш Баҳодирни халққа танитиш, улуғ аждодимиз фаолиятига оид илмий-тадқиқот ишларини кенг миқёсда йўлга қўйиш зарур.

Шунингдек, Ялангтўш Баҳодирни майдонга келтирган муҳит-шароитни, аштархонийлар, бобурийлар, сафавийлар, жунғорлар ва қозоқ хонлари ижтимой-сиёсий алоқалари, яқинлик ва зиддиятлар чегараларидан холи тарзда қўшни давлат тарихчилари билан ҳамкорликда ўрганишни йўлга қўйиш бу эзгу йўлда ўз самарасини беради. Шундагина тарих холис ўрганилади ва “мерос тортишиш” масаласига қатъий нуқта қўйилади. Бунда, энг аввало, эҳтиросдан холи бўлиб, фақат ҳақиқий факт ва асослар инобатга олиниши, соф тарихий манбалар асосида хулосаларга келиниши шарт. Шундагина ҳар хил ортиқча гап-сўзларга ўрин қолмайди.

Тарих гувоҳ: Регистон ва Тож Маҳал икки улуғ аждодимиз - Ялангтўш ва Шоҳжаҳон бунёдкорлик баҳси самараси сифатида майдонга келди. Бунга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши ва Ҳиндистонга маълум илмий экспедиция уюштирилиши мақсадга мувофиқ.

1643 йили ҳозирги Қозоғистон ҳудудидаги Орбўлоқ дарёси ёнида Хитойдан юриш қилиб келган Эрдона Ботур Кунтайжи бошчилик қилган жунғор қўшини билан қозоқлар сардори Жангир султон лашкари ўртасида аёвсиз жанг бўлиб ўтади. Агар қозоқ қўшини енгилганда ғайридин жунғорлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига бостириб келиш имконини қўлга киритар  эди. Бу босқин келажакда юртимиздаги хонликлар тақдири ва ҳудуди чегараларини ўзгартириб юбориши мумкин эди. Ялангтўш Баҳодир бошчилигидаги йигирма минглик Самарқанд қўшинининг ўз вақтида Орбўлоқдаги жанг жойига етиб бориб, қозоқ қўшинига ёрдам бериши сабабли жунғорлар енгилади ва юртига қадар улоқтириб ташланади. Демак, Ялангтўш Баҳодирнинг юрт ҳимояси учун Дашти қипчоқдан бошлаб кураш олиб борганлигига ҳам эътибор қаратилиши ва унинг бу соҳадаги хизматларига тарихий баҳо бериш вақти келди.

 СамДУ доценти Эркин Мусурмоновнинг Ялангтўш Баҳодир ҳаёти, фаолияти, шахсияти ҳақида ўтказилган халқаро анжумандан кейинги хулосалари ҳақидаги ушбу ва бошқа мулоҳаза ҳамда таклифларининг тўлиқ матни билан «Зарафшон» газетасининг кейинги сонларида ўқишингиз мумкин.