Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Янги миллий-маданий марказ, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлайди

Вилоятимизда фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар яна биттага кўпайди. Янги ташкил этилган вилоят араблар миллий-маданий маркази ўз сафига вилоятимизда яшаётган араб миллатига мансуб 62 мингдан зиёд аҳолини бирлаштиради. Мазкур нодавлат нотижорат ташкилоти юртимизда араб тили ва маданияти, урф-одатларини сақлаб қолиш ва уни келажак авлодга етказишни ўз олдига мақсад қилган.

– Юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар қатори этник араблар ҳам истиқомат қилади, – дейди вилоят араблар миллий-маданий маркази раҳбари Хушбахт Худойқулов. – Улар турли миллат вакиллари билан аҳил ва иноқ яшаб келишмоқда. Шу пайтгача арабларнинг бошини бирлаштирадиган бирорта ташкилот бўлмаганлиги сабабли бир гуруҳ зиёлилар ёрдамида бу хайрли ишга қўл урдик.

Яқинда марказ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилган танловда жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тинчлик, ўзаро меҳр-оқибат ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаси билан иштирок этиб, 30 миллион сўмлик грантни қўлга киритди.

– Фикримизча, кўп асрлардан буён Ўзбекистонда яшаб келаётган араб миллати тарихи жуда тор доирада ёритилган, – дейди марказ фаолларидан бири Абдурасул Ибрагимов. – Қадимий халқлардан бирининг Ўрта Осиёга келиши тўғрисидаги ҳужжатлар жуда чуқур ўрганилиши лозим. Марказимиз айнан арабларнинг тарихий келиб чиқишини ўрганиб, унинг маънавияти, бой маданиятини ўсиб келаётган ёш авлодга ўргатиши ва ривожлантириши зарур.

Самарқанд туманидаги Бўзи маҳалласидаги эски масжид биносида жойлашган янги марказнинг ҳали қиладиган ишлари кўп. Биринчи навбатда уларга замонавий бино зарур. Кейинчалик ёшларга араб тилини ўргатувчи тўгарак ташкил этиш, Ўзбекистонда яшовчи этник арабларнинг тарихи ва маданияти тўғрисида қўлланмаларни нашрдан чиқариш, бошқа миллий-маданий марказлар билан алоқаларни йўлга қўйиш режалаштирилган.    

Дилмурод ТЎХТАЕВ.