Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги солиқ сиёсати концепцияси ва солиқ маъмуриятчилигида янги тизим

Амалдаги солиқ маъмуриятчилигида ноаниқлик ва мураккабликлар кўплигини таъкидлаш лозим. Бу эса рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, инвестиция киритиш ҳажмини оширишга салбий таъсир кўрсатди. Шунингдек, солиқ юкининг юқорилиги солиқ тўлашда инсофлилик тамойилига риоя этмасликка, солиқлардан қочишга олиб келгани ҳам сир эмас.

Янги солиқ сиёсати концеп­цияси билан солиқ маъмуриятчилигида янги тизим пайдо бўлмоқда.

2019 йилдан бошлаб солиқ турлари 19 тадан 15 тага қисқаради, солиқ ставкаларида ўзгаришлар юз бермоқда.

Буларнинг барчаси инвесторларнинг ишонч билан сармоя киритишига, сифатли ва жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, ишлаб чиқариш қувватларини оширишга замин яратади.

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошадиган корхоналар умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибига ўтказилади. Давлатимиз раҳбари бу борада ҳудудий давлат солиқ органлари бажариши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди. Биринчи навбатда, умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибига ўтаётган корхоналарнинг бухгалтерларини бунга пухта тайёрлашимиз, бу борадаги тушунтириш ишларини жадал олиб боришимиз лозим. Бунинг учун эса аввало, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакаси юксак бўлиши керак. Демак, олдимиздаги муҳим ва масъулиятли вазифалардан бири ходимларнинг билим ва малакасини оширишдир.

Иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи ставкасининг ягона 12 фоиз этиб белгиланиши юртдошларимизнинг фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, бу иш ҳақини конверт усулида тўлашнинг олдини олади. Бундан ташқари, фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга туширилди. Тадбиркорлик субъекти даромад олса, фойда солиғини тўлаши белгиланди.

Олдимизда турган муҳим ва долзарб масалалардан яна бири солиқ қарзларини ундириш самарадорлигини оширишдан иборат. Солиқ қарзларининг тўпланиб қолиши иқтисодий кўрсаткичларга салбий таъсир кўрсатиб, пировардида бу бюджетга тушумларнинг пасайишига олиб келади. Солиқ қарзларининг йиғилиши соҳа ходимлари фаолиятида камчиликлар мавжудлигидан далолат беради. Демак, фаолиятимизни танқидий таҳлил қилишимиз, солиқ қарзларининг тўпланишига сабаб бўлаётган омилларни пухта ўрганишимиз лозим.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган солиқ концепцияси асосида 2019 йилда фаолиятимизда янги саҳифа очилади. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида бажаришимиз давлат ва жамият тараққиётида муҳим ўрин тутишини асло унутмаслигимиз зарур.

Шодиёр АҲМЕДОВ,

вилоят давлат солиқ

бошқармаси бошлиғи.