Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги йил байрамидаги дам олиш кунларида кўпчилик Самарқандга келди

Олти йил Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишладим. Бу вақт давомида иш юзасидан Европанинг бир неча давлатларида бўлдим. Тўғри, уйимга ҳар икки йилда 15-20 кунга келиб кетдим. Бироқ юртимиз бўйлаб, масалан, Самарқанд-у Бухорога саёҳат қилиш хаёлимга келмабди. Бир ҳафта аввал Янги йил байрамини уйда ўтказиш учун келиб, телевизорда мамлакатимиздаги оммавий байрамларда дам олиш куни узайтирилиши муносабати билан аҳолига бир қатор қулайликлар яратилганини эшитиб қолдим. Унда оилавий саёҳатга отланган фуқаролар учун самолёт ва поездларда 20-30 фоизгача чегирмалар ташкил этилибди. Бу имкониятдан фойдаланиб, оилам билан кеча тонгда Бухорога йўл олдик. У ерда зиёрат қилиб, мана, бугун Самарқандга келдик. Очиғи, шаҳарнинг тарихий қадамжолари, музей ва диққатга сазовор жойларида бўлиб, бу ерга олдинроқ келмаганимга афсусландим ва таниқли шоирнинг “Ватан ичра сафарлар айла, эй дўст. Ватан йўқдир ватандан ташқарида”, деган сатрлари бежиз айтилмаганини, ўзга юртга саёҳат қилишдан олдин ўз юртинг сарҳадлари, тарихий жойларини зиёрат қилиш қанчалар завқли эканини англадим.

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидан оилавий саёҳатга чиққан Одил ака Мадаминовнинг бу гаплари мамлакатимизда Янги йил байрами кунларида аҳоли дам олишларини мароқли ўтказиши учун яратилган имконият самарасидир. Яъни, Президентимизнинг 2018 йил 12 ноябрдаги “2019 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига асосан Янги йил байрамидаги беш кунлик таътил фуқароларга тўлиқ ва фойдали дам олиш учун қўшимча шароит яратди. Бу имкониятдан фойдаланган минглаб юртдошларимиз дам олиш кунлари Самарқандга саёҳат қилди.

Тадбиркорман, Андижон шаҳридаги “Коинот ЛТД” масъулияти чекланган жамияти раҳбариман, - дейди андижонлик Анвар Алматов. - Кўпдан буён жамоамиз билан Самарқандни зиёрат қилиш ниятида эдик. Аммо бўш вақт тополмай, келолмаётгандик. Президентимизнинг Янги йил байрамида беш кунлик дам олиш эълон қилиши биз учун ҳам катта имконият бўлди. Жамоамиз билан дастлаб Имом Бухорий мажмуасида бўлдик. Мана, энди Самарқанд шаҳри қадамжолари, ўтмиш ва келажак уйғунлашган обод ва кўркам масканларини томоша қиляпмиз. Рости, зиёратдан сўнг ўзимни тетик, енгил ҳис қиляпман. Келгуси байрам таътилида яна бу табаррук масканга саёҳат уюштирамиз.

- Ўқитувчиман, белгиланган ушбу беш кунлик таътил беш ойлик таълимдан кейин ўқув йилининг иккинчи ярмини янги куч, янгича шижоат билан бошлашимизга имконият яратди, - дейди Фарғона вилояти, Боғдод туманида яшовчи Матлуба Шерматова. – Зиёратимизни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мангу қўним топган табаррук мажмуадан бошладик. Бугунги тинчлик, осойишталик, фаровон ҳаётимизнинг асосчиси ҳақига дуо қилдик. Саёҳатга икки ўғлим, келин ва набираларим билан келдим. Бир ўғлим - Исломжон Самарқандда, Миллий гвардияда ишлайди. Унинг ҳамроҳлигида Самарқанднинг тарихий обидаларида бўлдик.