Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Япон ишбилармонлари Тойлоқда гипермаркет қуради

Жомбой туманидаги "JV MAN AUTO UZBEKISTAN" қўшма корхонасида 2019-2020 йилларда вилоятимизнинг Жомбой, Тойлоқ, Пайариқ, Булунғур ва Оқдарё туманларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Тақдимотда туманлар ҳокимлари, инвестиция бўйича ўринбосарлар, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар, тижорат банклари раҳбарлари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари ҳар бир лойи­ҳанинг истиқболи, яратиладиган иш ўринлари, киритиладиган сармоя, рақобатбардошлик, ишлаб чиқариш қуввати, маҳсулот экспорти каби жиҳатларни муҳокама қилишди.

Мисол учун, Жомбой туманида 2019-2020 йилларда умумий қиймати 1030 миллиард сўмлик 165 та лойиҳани амалиётга жорий этиш режалаштирилган бўлса, унинг 20 377 минг доллари Доминикан, Туркия, Канада, Украина, Хитой ва Россия сармоядорларининг маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар самарасида туманда 3 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Тойлоқ туманида эса 12 миллион 450 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини жалб этган ҳолда умумий қиймати 377 миллиард 625 миллион сўм бўлган экотуризмни ривожлантириш, логистика, замонавий гипермаркет, иссиқхона қуриш, тиббиёт воситалари, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар амалга оширилади.

– Биз япониялик ҳамкорларимиз билан туман марказида вилоятда ўхшаши бўлмаган беш қаватли гипермаркет қуриш лойиҳасини амалга оширяпмиз, – дейди Тойлоқ туманидаги "JAPAN TRADING GROUP Co" хусусий корхонаси раҳбари Ботир Қорахўжаев. – Умумий қиймати 8,3 миллиард сўм бўлган лойиҳа Япониянинг машҳур "Donkey Hotte" брендининг 1 миллион долларлик тўғридан-тўғри сармояси орқали молиялаштирилади ва жорий йил сўнггигача ишга туширилиб, 35 та иш ўрни яратилади. Тиббиёт қўлқоплари ва шприцлар ишлаб чиқаришга қаратилган иккинчи лойиҳамиз ҳам япониялик ҳамкорларимизнинг 2,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри сармояси асосида амалга оширилмоқда. Маҳаллий аҳолининг 120 нафари иш билан таъминланадиган ушбу корхонада йилига 23 миллион дона тиббиёт қўлқопи ва 17 миллион дона шприц ишлаб чиқарилиб, унинг 35 фоизи экспорт қилинади.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов тижорат банклари тадбиркорнинг энг яқин кўмакчисига айланиши кераклигини ва айрим лойиҳаларни янада мукаммаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, туман ҳокимларига хорижий сармоядорлар ва тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда муаммога дуч келишининг олдини олиш учун ер, сув, электр, коммуникация масалаларида етарли шароит яратиш бўйича топшириқ берди.

 Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).