Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йиллик истеъмол меъёри қанча?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли саккиз одамдан бири тўйиб овқатланмайди. Сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан ортиғи тўлақонли овқатланмаслик, асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечирмоқда. Шунинг учун дунёда 160 миллиондан ортиқ бола бўй ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланиш билан боғлиқ камчиликлардан азият чекади.

Тўлақонли овқатланиш истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари инсоннинг нормал ривожланиши ва фаолият юритиши, унинг организмида тўғри модда алмашинуви, саломатликни мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, кексайиш жараёнини секинлаштириш ва умрни узайтириш учун зарур бўладиган тўйимли ва сифатли моддалар билан керакли даражада таъминланишига боғлиқ.

Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотларига кўра, ривожланаётган мамлакатларда бир киши учун тавсия этилган кундалик 400 грамм ўрнига 150-200 грамм мева-сабзавот истеъмол қилинмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тўғри овқатланиш меъёрларига риоя қиладиган бўлсак, ҳар бир инсон йил давомида 45 килограмм гўшт, 15 килограмм балиқ, 250 литр сут маҳсулотлари, 126 дона нон, 250 дона тухум, 36 килограмм шакар, 12 литр ўсимлик ёғи, 40 килограмм картошка, 180 килограмм полиз-сабзавот ва 78 килограмм узум ва мева истеъмол қилиши лозим.  

Шу мақсадларда мамлакатимизда йил сайин озиқ-овқат товарлари сифатини ошириб бориш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турларини кўпайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. 2005 йил билан солиштирилганда сабзавот 7,7 баробар, мева 5,1, полиз 7,8, узум етиштириш 8,7 баробарга ўсди. 2020 йилда эса мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотлари етиштириш 2014 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпайиши кутиляпти. Аммо бу ҳали етарли эмас. Масаланинг ижобий ечимини топиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз кўпайтириш дастурини ишлаб чиқишимиз лозим.

Иноят АКРАМОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти.