Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йўл ҳаракати қоидаларига нега амал қилмаймиз?

Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар, улар ортидан содир бўлаётган жиноятлар камайгани йўқ. Ҳайдовчилар ва пиёдалар йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилмаётгани бугуннинг долзарб муаммоларидан биридир. Масалан, жорий йилнинг 29 март куни соат 23:40 да Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Д.М. ўзига тегишли бўлмаган “Lacetti” русумли 30 V 377 LА автомашинани Гагарин кўчаси томондан Беруний кўчасига бошқариб бораётганда йўлдан ўтаётган ургутлик  фуқаро С.З.ни уриб юборган. С.З олган тан  жароҳати натижасида воқеа жойида вафот этган.

Йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида бир киши оламдан ўтди, иккинчиси эса жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди. Бу каби фожиаларни олдини олиш нафақат соҳа мутахассисларининг вазифаси, балки ҳар кимнинг бурчидир.

“Жума - йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни” муносабати билан вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги  бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник И.Эшмуродов ҳамда Самарқанд шаҳри ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи подполковник Р.Тошмуродовлар аҳоли билан учрашиб, йўл ҳаракати белгиларига киритилган янгиликлар, йўл ҳаракати хавфсизлигига амал қилмаганларнинг аянчли аҳволи ҳақида тушунтириш ишлари олиб боришди.

Учрашувда маст ҳолатда автомашина бошқаришнинг ёмон оқибати, бундай ҳайдовчиларга кўрилган чоралар юзасидан  ҳам маълумотлар берилди. Ушбу ҳолатлар «Ҳилол» маҳалла фуқаролари билан биргаликда муҳокама қилинди.