Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёш болаларни қаровсиз қолдирилиши натижасида 3 та уй ёниб кетди

2019 йилнинг 24 июль куни соат 08:30 да Андижон шаҳар «Маданият» МФЙ 1-тор кўчасидаги уйларда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабар бермоқда.

Ёнғинни бартараф этишга 4 та ёнғин ўчириш автоэкипажлари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар воқеа жойига соат 08:34 да етиб борган ва ёнғин соат 08:39 да қуршаб олиниб, соат 09:08 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғинда инсонларнинг ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида 4-уйнинг 50 кв.м. майдонда томи, шифти ва уй-жиҳозлари, 2 ва 6-уйларнинг 15 кв.м. майдондан том қисмлари ёниб зарарланган.

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғиндан уйларнинг жами 250 кв.м. майдони сақлаб қолинган. Ёнғиннинг қисқа вақтда тарқалишига уйларни қуришда ёнғинга қарши оралиқ масофалар инобатга олинмаганлиги ва ёнғинга қарши деворлар қурилмаганлиги сабаб бўлган. Ҳодисанинг келиб чиқиши 4-уйда ёш болалар назоратсиз қолдирилиб, олов билан ўйнашлари, деб тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.