Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

"Ёш китобхон" танлови ғолибаси Маҳлиё Ўроқова: «Бу йил ёзда мол боқмадим, китоб ўқидим»

Миллионлаб томошабинларни экран қаршисига “михлаган“ ”Ёш китобхон“ кўрсатуви ниҳоясига етди. Ўн-ўн тўрт ёшлилар орасида энг олий соврин – “Спарк“ автомашинаси бурро жавоблари, билимдонлиги билан ҳаммани ортда қолдирган Маҳлиё Ўроқовага насиб этди.

Қувончли хабар яшин тезлигида тарқалди. Маҳлиё Ўроқова ва устози – мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нигора Ҳусанова билан Тошкентда учрашдик. Маҳлиёнинг устозини суҳбатга тортдим.

– Ўқувчим Маҳлиё Ўроқова ишончимни оқлади. У фақат адабиёт фанидан эмас, барча фанлардан аъло баҳога ўқийди. Аввал вилоят босқичида 10-14 ёшлилар ўртасида ўтказилган танловда биринчи ўринни олди. 15-19 ёшлилар ўртасида яна бир ўқувчим Машҳура Камолова биринчи ўринга (республикада ўз тенг­дошлари орасида 7-ўринга) сазовор бўлди.

Мактабимиз 250 ўринли, ҳозирда 500 нафар ўқувчи ўқимоқда. Биз шароит топишга ҳаракат қилардик. Мактаб директоримиз қўлидан келгунича ёрдам берарди. Гоҳо ҳовлидаги ўриндиқларда ўтириб, қизғин баҳслар олиб бордик. Кеч тушганини ҳам унутиб, китоб қаҳрамонлари руҳи билан яшардик. Маҳлиёнинг ёки Машҳуранинг оналари бизни кутиб ўтиришарди. Ярим кечада уйимизга қараб шошардик. Мени турмуш ўртоғим, тўртовлон ўғилларим кутиб турган бўларди.

Мактабимиз директори Норгул Шукурова, 50 нафардан иборат педагоглар, 500 нафар ўқувчиларимиз, Пахтачи тумани халқ таълими бўлимининг мудири Валижон Мардонов, вилоят раҳбарлари ҳам бизга хайрихоҳ эдилар. Рўйхатдаги китобларни топиш қийинроқ бўлди. Кўпи сотувда йўқ эди. Ўқувчиларимнинг китоб ўқишга меҳри, ёниб турган кўзлари мени тинч қўймасди.

Маҳлиё Ўроқова:

– Мен аввало, бизда китобга меҳр уйғотган устозимдан жуда миннатдорман. Дадам ҳам, аям ҳам ўқишмагани учун фарзандлари билимли бўлишини жуда исташган. Мен биринчи синфга бормай туриб, ҳамма ҳарфларни таниганман. Дадам ўргатганлар. Шеър ёдлатардилар ва ҳамма шеърнинг муаллифи ва номини билишимизни талаб қи­ларди. Ҳамма фанларни ўрган, дерди. Мендан кичик сингилларим ва укаларимга ҳам шундай талаб қўй­ган. Кичкинтойимиз – Шербек укам беш ёшда бўлса ҳам кўп шеърларни ёд олган.

Дадам ҳар сафар ойлик маош олганларида ўқитувчимдан ўқиш керак бўлган китоблар рўйхатини олади-да, шаҳарга бориб, китоб олиб келади. Ўша кунлар уйимизда байрам бўлиб кетади. Ахир улуғ адиблар, шоирлар ўз сўзлари билан уйимизга меҳмон бўлиб келади-ю, суюн­маймизми? Ўша кунлар биздан бой одам бўлмайди.

Дадам бизга олиб келган китоб­ларимни ўқигин, деб мажбурламайди. Истасанг ўқи, дейди. Ўзлари тарихни, математикани яхши билади.

– Қийин масалаларни ечиб  берадими?

– Асло, ечиш йўлларини тушунтиради. Кечаги дарс ҳақида эмас, эртага ўтиладиган дарсни ҳам ўқинг­лар, устозларингдан тушунмаганларингни сўраб оласизлар, дейдилар.

– Аянгиз-чи, ўқишларингиз билан қизиқадиларми?

– Бўлмасам-чи! Ўқиган китобларимизгача сўраб чиқади. Бадиий китобларнинг ҳаммасини ўқийди. Биз дарсдан сўнг ва таътилда молларни далага боқишга олиб чиқардик. Аям ҳаммамизга китоб соладиган сумкага ўхшаш халталар тикиб берган. Ҳаммамиз ўзимизга мос китобларни халтачамизга солиб, мол боқишга чиқардик. Аммо бу йил мол боқмадим. Дадам китоб ўқи, дедилар, китоб ўқидим.

– Сиз излаган китоблар мактабда борми?

– Йўқ, мактаб кутубхонасидагиларни ўқиб бўлдим. Туман АРМидагиларни ҳам. Устозимнинг жуда бой кутубхонаси бор. Фойдаланишимизга рухсат берганлар. Устозим иккинчи онам бўладилар. Биз, ўқувчиларини жуда яхши кўрадилар, худди фарзандлари каби.

– Сизларнинг беллашувин­гизни ота-онангиз залда туриб кузатдими?

– Йўқ, уларнинг келишини ўзим истамадим. Туманда ҳам, вилоятда ҳам шундай қилгандим.

– Нега?

– Улар ҳиссиётларини билдириб қўядилар. Бу мени шоширади. Фақат устозим ёнимда бўлишини хоҳлайман. Мени босиқлик билан қўл­лаб турадилар. Ҳаяжонларини сездирмайдилар. Ҳозир ҳам ўн кундан буён ёнимдалар. Ўғиллари ҳам соғиниб кетган. Устозим мени ўзимдан кўп тушунадилар. Холис ва тўғри йўл кўрсатадилар.

– Синф сардоримисиз? Гоҳо устозлар дарсда бўлмай қолишса, синфдошларингизни қандай бошқарасиз?

– Тенгдошларим улғайган сари ўзгариб боряпти. Уларни фикр ва қатъият билан синфда ушлаб туриш мумкин. Мен шунга ҳаракат қиламан.

– Айни пайтда кимларнинг асарларини ўқияпсиз?

– Ёнимда Анвар Обиджон ва Жек Лондон китоблари бор. Анвар Обиджон қизиқ мисоллар билан чуқур фикрлашга ўргатса, Жек Лондон матонатга ўргатади. Чингиз Айтматов ҳам шундай. “Мартин Иден“ни ўқиш қийинроқ бўлса ҳам ўқийвердим. Ўткир Ҳошимовнинг ҳамма китобларини ўқидим. Устозимга “Икки эшик ораси“даги Робияни яхши кўрдим. Раънони ёмон кўриб қолдим, десам, “Ёшинг улғайса, тушунасан, Раънони“, дедилар.

– Энди қайси китобларни ўқимоқчисиз?

– Беллашувда шеъриятга оид шартларни бажара олмадим. Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан юзтадан ғазал ёдлашим керак. Ҳали ўқимаган китобларим кўп. Устозимнинг тавсияси билан ўқийман. Мактабни битиргунча рус ва инглиз тилларини чуқур ўрганаман. Араб ва япон тилини ўрганишим керак. Аммо бу тилларни туманимизда туриб ўрганиб бўлмайди. Катта шаҳарларга ўқишга борсам, ўрганаман.

– Қайси касбни танламоқчисиз?

– Устозимга ўхшаб ўқитувчи бўл­гим келади. Аммо устозим “Журналист бўлишинг керак“, дейдилар. Устозим нима десалар, шундай бўлади.

– Кўп китоб ўқишнинг нима фойдаси бор?

– “Қўлига китоб олганлар дунёни қўлга олади“, дейдилар устозим. Китоб ўқиганлар ҳеч кимга ёмонлик қилмайди, жамиятга, одамларга фойдаси тегади, дейман мен.

Маҳлиё билан ёш қизча билан эмас, тенгдошим каби гаплашдим. Суҳбатимиз ҳали бери тугаётганга ўхшамайди. Ўзимнинг ой ёруғида китоб ўқиганларим, мактаб ва колхоз кутубхонасидаги китобларни ўқиб тугатиб, туман марказига қатнаганларим ёдимга тушди. Шунда Маҳлиё каби издошларим пайдо бўлаётганига шукрона келтирдим.

Хосият БОБОМУРОДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.