Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ёшлар кунига туман ҳокимлиги ўғлимнинг тўйини ўтказиб бераяпти”

Эрталабдан телефонимга қўнғироқ бўлди. Рақам таниш, одатда ундан ҳар байрамда қўнғироқ бўлади. Қўнғироқ эгаси байрам билан табриклаб, ишларимга ривож тилайди. Ҳар ҳолда бирорта байрам шу қўнғироқсиз ўтмаган. Баъзида табрикдан сўнг бирйўла муаммоларини ҳам айтиб ўтарди. Доимий қўнғироқ эгаси - Ургут тумани, Хўжайдуқ маҳалласидан Хуршида опа. Бир неча йиллар аввал таҳририятга оилавий аҳволи яхши эмаслиги, икки нафар руҳий хаста болаларига қараётгани, аммо уларнинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмаслиги, улардан бири 20 ёшга тўлса-да, ҳануз ногиронлик гуруҳи берилмагани ҳақида мурожаат қилганди. Мурожаат жойида ўрганилгач, тегишли ташкилотларга сўров жўнатганимиздан сўнг, масала ҳал бўлган, фарзандлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, ногиронлик гуруҳи берилганди. Бу воқеага ҳам беш йиллар бўлиб қолди. Ўшанда қанча жойга арз қилсада, аммо ҳеч ким жиддий эътибор қаратмагани туфайлими, таҳририятнинг эътибори опанинг кўнглида қолиб кетган, шекилли, ҳанузгача бирор муаммоси бўлса албатта қўнғироқ қилиб туради.

Бу сафар Хуршида опа байрам билан табриклади, қайси байрам экан, деб иккиланиб турган пайтим «Ёшлар куни муборак бўлсин, синглим», деди. Ёшларни ёшида бўлмаганим учун аввалига ҳайратландим, сўнг, демак бирор муаммоси бўлса керак, деган хаёлга бордим. «Ёшлар кунига туман ҳокимлиги ўғлимнинг тўйини ўтказиб бераяпти, табрикланг, синглим», дея қувноқ овозда суюнчилади. Ўз навбатида опани табриклаб, фарзандлари камолини кўришни тиладим. Кўпинча эътиборсизликдан нолиб қоладиган опанинг хушкайфиятдаги овози менга ҳам ижобий қувват берди.

Ёшлар кунидаги бу ташаббус - хайрия тарзида никоҳ, суннат тўйларининг ўтказиб берилаётгани бу йил вилоятда кенг қулоч ёзди. Умуман, турли тадбирлар - ҳоким учрашувидан тортиб, спорт мусобақалари, маънавий маърифий анжуманлар кўтаринки ўтмоқда. Шунчаки, ўтдими, ўтди қабилидаги тадбирлардан фарқли равишда ёшлар, аҳоли кўнглига яқин, мажбурий бўлмаган анжуманлар кишида ростдан ҳам байрам кайфиятини уйғотди. Эҳтимол шунинг учундир, Хуршида опа байрам билан қутлашни истаб қолгандир.  Мен ҳам фарзандларимни сана билан табриклаб, улар билан шаҳардаги кўнгилочар масканга боришга ваъда бердим.

Ёшлар куни муборак бўлсин, ҳамюртлар!

Гулруҳ Мўминова.