Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёшлар уйи кимларга берилади?

Маҳмуд Иноғомов,

Самарқанд шаҳри.

- “Ёшлар уйлари” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ёшлар”нинг кўп квартирали уйларидан ёш оилаларга квартиралар бериш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг тавсияномаси асосида берилади. Бунинг учун ёш оилалар қуйидаги учта асосий талабларга жавоб бериши лозим.

Яъни:

- биринчи марта расмий никоҳдан ўтган, Низомга мувофиқ, “Ёшлар”нинг кўп квартирали уйларидан квартираларни ипотека кредити асосида сотиб олиш учун ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза берилган пайтда ҳар бирининг ёши 30 ёшдан ошмаган, шунингдек, имтиёзли ипотека кредитини тўлашга лаёқатли эр-хотинлар бўлиши;

- турар жой шароитларини яхшилашга мухтожлар сифатида ҳисобда турган (бунда қуйидаги шартлардан бирининг мавжуд бўлиши етарли ҳисобланади:

1) эр-хотинлар доимий ўтиш жойи бўйича ёш оила ижара шартларида яшаши;

2) яшаш учун яроқсиз бинолардаги турар жойидаги жой бўйича уй-жой мулкдори бўлмаслиги;

3) оила аъзолари орасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ сурункали касалликларнинг ўткир шаклларидан азоб чекувчи ва алоҳида квартирада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг бор бўлиши) бўлиши;

- ёш оилада (эр-хотиннинг бирида ёки ҳар иккисида) Низомнинг 4,7-банд “з” кичик банди талабларига мувофиқлигини, яъни фан, санъат, адбаиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришганлигини (қоидага кўра, давлат мукофотлари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиблари, нуфузли халқаро ва республика мусобақалари, танловлар ва олимпиадалар совриндорлари) тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

Юнусжон ИСОМИДДИНОВ,

Вилоят Кенгаши бўлим бошлиғи.